Энди қамоққа олинган шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши мумкин

© Sputnik / Алексей ФилипповТюрьма. Архивное фото
Тюрьма. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.12.2024
Oбуна бўлиш
Қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши белгиланмоқда.
TOШКЕНТ, 23 дек — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари қамоққа олинган шахсларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтгазишга оид қонун лойиҳасини муҳокама қилишди, дея хабар берди қуйи палата матбуот хизмати.
Олий Мажлис Қонунунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчиларни қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
“Лойиҳага кўра, қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин унда қийноққа солиш ёки бошқа ҳолатлар натижасида олинган жароҳатларни, шикастланишларни ва яраларни аниқлаш мақсадида тергов ҳибсхонасининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши белгиланмоқда”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бу жараёнда адвокат ҳам иштирок этади. Тиббий кўрик замонавий аппаратлар ёрдамида олиб борилади.
“Тиббий кўрикни ўтказиш учун вақт белгилаш таклиф этилмоқда. Унга кўра, қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига олиб келингандан бошлаб 1 соат ичида тиббий ходим томонидан мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши мумкин”, — дея қайд этилган хабарда.
Фракция аъзоси Зуҳра Шодиеванинг фикрича, лойиҳада кўрсатилган вақт айрим жароҳатлар, масалан, бош чайқалиши ёки ички органлардаги ўзгаришларни аниқлаш учун камлик қилади. У вақт масаласини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.
“Бундан ташқари, тиббий кўрик хулосасини қамоққа олинганнинг адвокати талабига асосан тақдим этилишига оид меъёр бўйича ҳам фикр-мулоҳзалар билдирилди. Масъуллар навбатдаги ўқишга қадар мутахассислар билан келишиб, таклифни инобатга оладиган бўлди”, — дея аниқлик киритилган хабарда.
Айтилишича, расмийлаштирилган тиббий хулосанинг биринчи нусхаси кўрикдан ўтказилган шахсга таништирилиб, унинг йиғмажилдига тикилади. Иккинчи нусхаси эса қамоққа олинган шахсни тиббий кўрикка олиб келган ходимларга берилиши белгиланмоқда.
“Агар қамоққа олинган шахснинг танасида жароҳатлар, шикастланишлар ва яралар аниқланган тақдирда, улар белгиланган тартибда қайд этилиб, бу ҳақида қамоққа олинганга маълум қилиниши ва зудлик билан прокурорга хабар берилиши мумкин”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Преступник за решеткой - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 17.12.2024
Маҳкумларга яқинлари билан онлайн учрашиш ҳуқуқи берилади
Янгиликлар лентаси
0