Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасалари сони 9 мингтадан ортди

© Sputnik / Бахром ХатамовЧастное медицинское учреждение
Частное медицинское учреждение  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.12.2024
Oбуна бўлиш
Тиббиётнинг нодавлат секторида ихтисослик турлари 50 тадан 225 тага ошди.
ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасалари сони 9 мингтадан ортди, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Айтилишича, 2017 йилда хусусий шифохоналар сони қарийб 3,5 мингтани ташкил этган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 9 мингдан ортди.
“Тиббиётнинг нодавлат секторида ихтисослик турлари 50 тадан 225 тага ошди. Шунингдек, хусусий шифохоналарнинг тиббиёт ихтисосликлари бўйича лицензия олишига имкон яратилди. 3 700 дан кўпроқ мавжуд нодавлат клиникалар янги тиббий ихтисослик ҳисобига ўз фаолиятларини кенгайтирди”, — дейилади хабарда.
Айни пайтда республикадаги барча тиббиёт муассасаларида ташкил этилган ўрин-жойларнинг 35 фоизи хусусий сектор улушига тўғри келмоқда. Яъни сўнгги йилларда нодавлат тиббиёт клиникаларида стационар шифо ўринлари сони сезиларли даражада ортиб, 2024 йилда 42 750 тага яқинлашди.
Шунингдек, хусусий тиббиёт муассасаларининг барчасида амбулатор, 1530 тадан ортиғида стационар хизматлари ташкил этилиб, улар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизмат турлари 726 тадан 2 251 тага ошди.
“Албатта, бундай ижобий ўзгаришлар туфайли бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида нодавлат тиббиётнинг улуши 30 фоизга етди. Жумладан, лаборатория хизматларининг 40 фоизи, офтальмология ва оператив офтальмологиянинг 60 фоизи, ЛОР ва эндоскопик ЛОРнинг 70 фоизи ва стоматологик ташхис ҳамда муолажаларнинг 91 фоизи айнан хусусий клиникалар томонидан кўрсатиляпти”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Таъкидланишича, яқин келажакда мазкур йўналишда янги нодавлат тиббиёт муассасаларини ташкил этишда халқаро стандартлар жорий этилади. Хусусий секторда тиббий хизматлар сифатини ошириш, “хавфсиз тиббиёт” принципи амалиётга татбиқ қилинади. Шунингдек, тиббий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда соҳада сифат кўрсаткичларини янада ошириш кўзда тутилган.
Янгиликлар лентаси
0