Тошкент кўчмас мулк бозорида фаоллик ошди
© Sputnik / Бахром ХатамовНовостройки Ташкента
© Sputnik / Бахром Хатамов
Oбуна бўлиш
Тошкент ва вилоят марказлари бозорда ўз мавқиени сақлаб қолмоқда, бошқа ҳудудларда ҳам ўсиш бор.
TOШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Тошкентда рўйхатга олинган кўчмас мулк фаоллик даражаси 9,3% га ошди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
Тошкент ва вилоят марказлари бозорда ўз мавқиени сақлаб қолмоқда, бошқа ҳудудларда ҳам сезиларли ўсиш кузатилмоқда.
Иккиламчи уй-жой нархларининг бироз ўзгаришига қарамай, йиллик умумий ўсиш 6% дан кўпроқн кўрсатди, бу эса ушбу сегментдаги ижобий тенденциялардан далолат беради.
“Ноябрь ойида кўчмас мулк бозори ижобий тенденцияни сақлаб қолишда давом этди. Савдолар 21,9 минг битимни ташкил этиб, октябрь ойидаги кўрсаткичдан 2,5% га ошди. Шу билан бирга, йиллик ҳисобда кўчмас мулк бозорида фаоллик 0,8% га ўсди”, — дейилади хабарда.
Ноябрь ойида ҳудудлар кесимида рўйхатга олинган кўчмас мулк битимларининг ўсиш динамикаси Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида, хусусан, Хоразм ва Бухоро вилоятларида мос равишда 15,6% ва 8,4% га ижобий тенденцияларни кўрсатмоқда.
“Тошкент мамлакатнинг пойтахти ва энг йирик шаҳри сифатида кўчмас мулк бозори умумий ҳажмининг 30% дан ортиғини эгаллади, фаоллик даражаси эса 9,3% га ошди”, — дея қайд этилган хабарда.
Иккиламчи кўчмас мулк бозори
Бир ой ичида республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари деярли ўзгармаган ҳолда атиги 0,3% га ўсди, ўтган йилга нисбатан 6,2% га ўсиш қайд этилди.
Йил давомида бозорнинг ушбу сегментида сезиларли ўсиш Сурхондарё – 18,1%, Бухоро – 11,9% ва Қашқадарё – 10,2% вилоятларида қайд этилди.
Иккиламчи уй-жойларнинг энг мақбул нархи Қорақалпоғистонда бўлиб қолмоқда, бу ерда квадрат метр учун ўртача нарх 333 долларни ташкил этада.
Тошкентда иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи ой давомида атиги 0,2% га ошиб, 1,1 минг доллардан сал кўпроқни ташкил этди.
Пойтахтнинг Бектемир – 4,4%, Яшнобод – 2,4% ва Шайхонтоҳур – 2,2% туманларида нархлар сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Умуман олганда, республика бўйича иккиламчи бозорда бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача қиймати йил давомида 6,2% га ошган бўлса, Тошкентда шу даврда 1,5% пасайиш кузатилди.
Уй-жой ижара бозори
Ноябрь ойида Тошкентдаги ижара бозорида турғунлик қайд этилди. Бир квадрат метр учун ўртача ижара нархи 8,3 долларни ташкил этди, бу жорий йилнинг июнь ойи кўрсаткичига мос келади.
“Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда, бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10-11 долларни ташкил этади”, — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи ўтган йилга нисбатан 10,7% га пасайди. Йил давомида нархларнинг энг катта пасайиши Учтепа – 14,5%, Яшнобод – 14,3% ва Юнусобод-13,8% туманларида қайд этилди.