Россиялик ишбилармонлар кўпинча Туркия, Хитой ва Ўзбекистонга боришади — Решетников
© Sputnik / Сергей Пятаков
/ Oбуна бўлиш
Москвада Meet Global MICECongress - йиллик халқаро ишбилармонлик туризм форуми иш бошлади.
TOШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Россиялик ишбилармон саёҳатчилар кўпинча Туркия, Хитой ва Ўзбекистонга боришади. Бу ҳақда Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников "Meet Global MICECongress: BRICS Edition" форумида маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Бугун Москвада "Meet Global MICECongress" - йиллик халқаро ишбилармонлик туризм форуми иш бошлади. Бу йилги форум кун тартибининг асосий мавзуси БРИКС мамлакатлари дуч келадиган ва ишбилармонлик туризми ривожига бевосита таъсир кўрсатадиган глобал муаммолар бўлади. Тадбирда Бразилия, Миср, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Жанубий Африка ва бошқа давлатлар вакиллари иштирок этмоқда.
“Россия ишбилармонлик туризми бозорининг ҳажми 2024 йилда чоракка ошди. Иш сафарларининг аксарияти ички йўналишларга тўғри келади. Бизнинг энг фаол ва машҳур ишбилармон шаҳарларимиз учлиги Москва, Санкт-Петербург ва Екатеринбургдир. Хорижий йўналишлар орасида ишбилармон саёҳатчиларимиз кўпроқ Туркия, Хитой ва Ўзбекистонга саёҳат қилишади”, — деди Решетников.
Унинг таъкидлашича, Россияда ишбилармонлик туризмининг ривожланишига ягона электрон визанинг жорий этилиши ёрдам бермоқда.
“Бу йил яна 11 та давлат бундай воситадан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Бизда электрон визага эга жами 64 та давлат бор. Шунингдек, гуруҳли визасиз турлар. Биргина шу икки механизм орқали биз жорий йилда 1,2 миллиондан ортиқ хорижий меҳмонларни жалб этдик. Уларнинг 30-40 фоизини ишбилармон сайёҳлар ташкил этади”, — деди вазир.
Решетниковнинг таъкидлашича, ишбилармонлик туризмини ривожлантиришга Россиянинг сайёҳлик салоҳиятини ташқи бозорларда илгари суриш бўйича "Discover Russia" дастури ҳам ёрдам бермоқда.
“Унинг доирасида 2024 йилда Ҳиндистон, Хитой, Туркия, Саудия Арабистони ва Қатарда ўтказилган кўргазмаларда минтақавий туризм маҳсулотларини намойиш этдик. Биз дўст давлатлар билан маркетинг бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқдамиз... Биз Хитой ва Ҳиндистондан келган сайёҳлар учун 12 та ҳудудда турмаршрутларини яратдик ва уларни синовдан ўтказишни бошладик”, — дея қўшимча қилди у.
Унинг қайд этишича, Россияда туристик инвестиция лойиҳалари каталогини тайёрланди.