Энди Қашқадарё картошка, мева, гўшт ва тухум бўйича ўзини ўзи тўлиқ таъминлайди
© Министерство сельского хозяйстваКартошка на базарном прилавке
© Министерство сельского хозяйства
Oбуна бўлиш
Келгуси йилда вилоятга 3 миллиард 500 миллион доллар инвестиция жалб қилиш мўлжалланган.
ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Кейинги йилдан Қашқадарё картошка, мева, парранда гўшти ва тухум бўйича ўзини ўзи тўлиқ таъминлашга ўтади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда Қашқадарё вилоятида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, инвестицияларни кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш масалалари кўриб чиқилди.
“Кейинги йилдан Қашқадарё картошка, мева, парранда гўшти ва тухум бўйича ўзини ўзи тўлиқ таъминлашга ўтади. Бу борада хорижий инвесторлар иштирокида 16 та йирик лойиҳа шакллантирилган. Мисол учун, Ғузор, Қамаши, Шаҳрисабз туманларида 300 гектарда замонавий боғ барпо этилади”, — дейилади хабарда.
Унда йилига қўшимча 4 минг тонна мева етиштирилиб, 600 та иш ўрни яратилади.
Вилоятда қуйидагилар амалга оширилади:
Кўкдала, Чироқчи, Шаҳрисабз, Косон ва Нишон туманлари ҳудудида қовун ва органик сабзавотлар етиштириш кенгайтирилади.
Тарвуз концентранти тайёрлаш, шок усулида музлатиш ва сублимацион қуритиш йўлга қўйилади.
Минтақа ва Европа давлатларидан 62 минг бош қўй, қарийб 10 минг бош қорамол олиб келиниб, аҳоли ва чорвачилик хўжаликлари билан кооперация асосида боқилади.
Қарши ва Қамашида 1 минг бошли чорвачилик кластери, 1 миллион бошли паррандачилик фабрикаси ташкил этилади.
Пахтачиликда тайёр маҳсулотлар улушини кўпайтириш мақсадида 233 миллион долларлик 5 та тўқимачилик корхонаси ишга туширилади. Натижада мато ишлаб чиқариш қуввати 51 фоизга кўтарилади.
“Шаҳрисабздаги Мираки ва Қамашидаги Майданак қишлоқлари, Миришкор туманидаги “Ачинкўл” ва “Сечанкўл” атрофида туризм жадал ривожланмоқда. Шу каби масканларга 300 миллион доллар инвестиция киритиб, 200 дан зиёд меҳмон уйлари ва мингта савдо шохобчаси ташкил этиш режалаштирилган. Уларда 5 минг киши ишли бўлади”, — дея маълум қилинган хабарда.
Тадбиркорлар вилоятдаги 147 та норуда қазилма конлари негизида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни таклиф қилаяпти. Бунга 209 миллион доллар инвестиция киритилади, конлар босқичма-босқич аукционга чиқарилади.
Президент фармонига мувофиқ, шу йил 1 ноябрдан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури бошланди. Қашқадарёдаги 6 та йирик корхона бу хайрли ишга ҳисса қўшиб, кейинги йил 10 мингдан зиёд фуқарони камбағалликдан чиқариш ташаббусини билдирган.
Бундан ташқари, банклар иштирокида 86 та драйвер лойиҳани ва 33 мингта микролойиҳани ишга тушириб, яна 70 минг инсонни даромадли қилиш кўзда тутилган. Булар орқали вилоятда камбағаллик даражаси ҳозирги 8,6 фоиздан 6,5 фоизга пасаяди.
“Йиғилишда Қашқадарё вилояти ҳокими шу каби режаларни тақдимот қилди. Жумладан, келгуси йилда 3 миллиард 500 миллион доллар инвестиция жалб қилиш, экспортни 1 миллиард долларга етказиш, 300 минг иш ўрни яратиш мўлжалланган”, — дея қайд этилган хабарда.
Ташаббускорлар билан ишлаб, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасида яна 300 миллион долларлик лойиҳаларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Маълумот учун, йил бошидан буён вилоятда 2 миллиард доллар инвестиция ўзлаштирилган. 565 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланиб, 90 минг одам камбағалликдан чиқарилган. Йил якунигача ялпи ҳудудий маҳсулот 6 фоиздан зиёд ўсиши, экспорт 555 миллион долларга етиши кутилмоқда.