Ўзбекистон тоғ-кон ва геология бўйича лойиҳаларга 1 млрд доллар инвестиция жалб қилмоқчи

© Sputnik / В. Белый / Медиабанкка ўтишНефтеразведка
Нефтеразведка - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.12.2024
Oбуна бўлиш
Охирги беш йилда тоғ-кон ва металлургияга қарийб 9,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилинган.
TOШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Келаси йилда тоғ-кон ва геология соҳасидаги лойиҳаларга 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган металлургия корхоналарининг трансформация дастурлари ҳамда 2025 йилги режаларига оид йиғилишда маълум қилинди, деб ёзмоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Айтилишича, сўнгги 7 йилда бу соҳада ишлаб чиқариш 1,5 баробар ўсган. Хусусан, йиллик олтин қазиб олиш ҳажми 2016 йилга нисбатан 26 тоннага, кумуш 77 тоннага, мис 32 минг тоннага ошган.
Охирги беш йилда тоғ-кон ва металлургияга қарийб 9,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 15 та йирик лойиҳа ишга туширилди. Натижада бу соҳа иқтисодиётни трансформация қилишда энг муҳим драйверга айланмоқда. Мамлакат саноати ҳажмининг учдан бири унинг ҳиссасига тўғри келаяпти.
Тоғ-кон саноати электротехника, қурилиш материаллари, кимё, заргарлик каби тармоқлар учун хомашёни кўпайтириб, уларнинг ўсишига катта туртки бермоқда. Шунингдек, комбинатлар 60 тадан ортиқ кичик ва ўрта корхоналар билан кооперация асосида яқиндан ишламоқда.
“2025 йилда тоғ-кон ва геология соҳасидаги лойиҳаларга 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш кўзда тутилмоқда. Каолин ишлаб чиқаришни 50 фоиз ошириш, кўмир қазиб олишни 10 миллион тоннага етказиш мўлжалланмоқда. Навоий тоғ-металлургия комбинати бу йил илк бор халқаро бозорда евробонд жойлаштириб, 1 миллиард доллар арзон ресурс жалб қилди. Келгуси йил яна 500 миллион доллар евробонд чиқариш режалаштирилган”, — дейилган хабарда.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасини ҳамда Ўзбекистон металлургия комбинатида янги қуюв прокатлаш мажмуаси ишга туширилади. Ўзбекистон технологик металлар комбинатида “яшил иқтисодиёт” учун муҳим бўлган ноёб металлар хомашёси кенгайтирилади.
Давлат раҳбари келгуси йилда комбинатлар трансформация орқали дунё бозорида рақобатдошлигини ошириш бўйича катта ўзгариш қилиши зарурлигини таъкидлади.
Бунда таннархни тушириш, фаолиятни тўлиқ рақамлаштириш, халқаро бозорлардан маблағ олиб келиш, янги технологияларни жорий қилиб, иш жараёнини автоматлаштириш энг муҳим вазифалар экани кўрсатиб ўтилди.
На Алмалыкском горно-металлургическом комбинате начато строительство 4-й медно-обогатительной фабрики  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 16.10.2024
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 4-мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланди
Янгиликлар лентаси
0