Президент соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини касб байрами билан табриклади

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев ознакомился с условиями, созданными в новом комплексе Республиканского центра онкологии и радиологии.
Шавкат Мирзиёев ознакомился с условиями, созданными в новом комплексе Республиканского центра онкологии и радиологии. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.11.2024
Oбуна бўлиш
Табрикда соғлиқни сақлаш тизимида туб ўзгаришлар юз бераётгани таъкидланган.
ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини касб байрами билан табриклади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Қадрли тиббиёт ходимлари! Аввало, ўз ҳаётини инсон саломатлигини асрашдек олижаноб ишга бағишлаб келаётган сиз азизлар – фидойи шифокор ва ҳамшираларни, соҳа фахрийларини касб байрамингиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчамиз яхши тушунамизки, эл-юрт саломатлиги – жамиятнинг бебаҳо бойлигидир. Тинчлик ва соғлиқ бўлган жойда албатта ўсиш ва ўзгариш, бахтли ва фаровон ҳаёт бўлади. Шу маънода, Янги Ўзбекистонимиз эришаётган катта ютуқларда, инсон капиталини ривожлантиришда жонкуяр тиббиёт ходимларининг муносиб ҳиссасини эътироф этиб, уларга ҳар қанча раҳматлар айтсак, арзийди”, - дейилади табрикда.
Табрикда соғлиқни сақлаш тизимида туб ўзгаришлар юз бераётгани таъкидланган. Ажратилаётган бюджет маблағларининг бир неча бор кўпайтирилгани, хусусий сектор ривожига кенг йўл очилаётгани туфайли соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда, хизматлар тармоғи кенгайиб, соғлом рақобат муҳити шаклланиб, сифат ва самарадорлик ошмоқда. Диагностика ва даволаш амалиётига илғор замонавий технологиялар фаол жорий этилмоқда.
Қайд этилишича, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишни маҳаллабай, манзилли ва аниқ мақсад асосида таъминлаш бўйича янгича тажриба қўлланмоқда. Тизимда “Электрон поликлиника”, “Электрон рецепт” дастурлари жорий этилмоқда. Бунинг учун патронаж ходимлари халқаро стандартлар асосида ўқитилмоқда.
“Азим пойтахтимизда тиббиёт соҳасидаги ноёб мега лойиҳа сифатида барпо этилган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология марказининг янги замонавий мажмуасида сўнгги намунадаги асбоб-ускуна ва шароитлар асосида касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш ҳажми бир неча баробар ошади. Энг муҳими, юртдошларимиз ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб, чет элдаги даволаш марказларига бориш ташвишидан қутулади. Ҳеч шубҳасиз, тиббиёт соҳасидаги ютуқларимиз халқаро миқёсда эътироф этилаётгани барчамизни қувонтиради. Болалар миллий тиббиёт маркази халқаро сертификатни қўлга киритгани, Хирургия марказида халқаро сифат стандартлари жорий этилгани, мамлакатимиз гепатит В га қарши курашишда минтақавий мақсадли кўрсаткичларга эришгани тасдиқлангани шулар жумласидандир”, - дейди президент ўз табригида.
Таъкидланишича, аҳоли саломатлигига эътиборни кучайтириш орқали инсон қадрини ошириш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлашга қаратилган бундай муҳим ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
“Бу борадаги вазифаларни муваффақиятли адо этишда муқаддас қасамёдига содиқ сиз, заҳматкаш ва олижаноб тиббиёт ходимлари ўзингизни аямасдан, бой билим, маҳорат ва тажрибангизни сафарбар этасиз, деб ишонаман. Буюк Ибн Сино бобомиз анъаналарининг муносиб давомчилари бўлган сиз, азизларни Тиббиёт ходимлари куни билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, шарафли фаолиятингизда янги ютуқлар тилайман”, - дея якунланган табрик.
Ўзбекистонда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси Тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланади.
Шавкат Мирзиёев  посетил новый комплекс Республиканского онкологического центра в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.08.2024
Республика онкология маркази янги мажмуада иш бошлайди
Янгиликлар лентаси
0