Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
© iStock/bymuratdenizДеятельность психолога
© iStock/bymuratdeniz
Oбуна бўлиш
“Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
ТОШКЕНТ, 6 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Бу ҳақда 5 ноябрь куни президент томонидан имзоланган тегишли қонунда назарда тутилган.
“Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ҳужжат аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Психология йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслар психологик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан ёрдам кўрсатиш ёки қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Психологик ёрдам қуйидагилар томонидан бепул ёки пуллик асосда кўрсатилади:
давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда ишловчи психологлар;
ушбу соҳада хусусий тартибда фаолият олиб борувчи юридик шахслар;
якка тартибдаги тадбиркорлар.
Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида ҳам таълим олувчилар учун психологик ёрдам кўрсатиш ташкил этилади.
Психологик ёрдам турлари қуйидагилар:
Психологик профилактика - психологик муаммоларни келтириб чиқарувчи омиллар ва шарт-шароитларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар.
Психологик кўрик – нормал ҳает кечиришга халал берувчи, унинг хулқ-атворига ва бошқа шахслар билан ўзаро муносабатларига салбий таъсир қилувчи муаммоларни аниқлаш, шахсга кўрсатилиши керак бўлган психологик ёрдамнинг турини, шаклини, ҳажмини ва муддатларини белгилаш учун зарур бўлган хусусиятларни баҳолаш мақсадида ўтказилади.
Психологик реаблитация – психологик муаммолари мавжуд бўлган шахснинг ижтимоий мослашишига ёрдам кўрсатишга ҳамда унга ушбу соҳадаги қобилиятларини тиклашда кўмаклашишга қаратилган.
Психологик коррекция – шахснинг психологик муаммоларга олиб келувчи ўзига хос шахсий хусусиятлари ва хулқ-атворини тузатишга қаратилган тадбирлар мажмуидан иборат.
Психологик маслаҳат – шахсининг психологик муаммоларини тушунишга ва уларни ечишда кўмаклашишга қаратилган психологик ёрдам.
Психологик тренинг – инсонда шахсий ривожланиш учун зарур бўлган муайян кўникмаларни, хулқ-атворни ёки психологик соҳасига таалуқли янги билимларни шакллантиришга ёки уни танг вазиятлардан чиқаришга, шунингдек шахснинг маънавий камол топишини психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар, машғулотлар.
Шахс психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги тадқиқотларга ёки илмий тажрибаларга фақат ихтиёрий равишдаги ёзма розилиги ёки ўз қонуний вакилларининг ёзма розилиги олинганидан кейин жалб этилиши мумкинлиги белгиланди.
Шахснинг психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилганлиги факти, психологик ёрдам натижалари тўғрисидаги маълумотлар ва психологик ёрдам кўрсатиш чоғида олинган бошқа маълумотлар психологнинг касбий сирини ташкил этади ҳамда шифокор сирига тенглаштирилади.
Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга унинг қонуний вакилларининг розилигисиз психологик ёрдам кўрсатишга унга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ўтказиш ҳоллари аниқланганда, шунингдек фавқулодда ҳолатда, фавқулодда вазиятда ёки бахтсиз ходисаларда йўл қўйилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.