Энди “Ўзбеккосмос” сув омборлари тўғонларининг силжиш динамикасини мониторинг қилади
© SputnikОтдых на Чарвакском водохранилище в Ташкентской области
© Sputnik
Oбуна бўлиш
Дамбаларнинг силжиш ва чўкиш динамикаси “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан космик назоратга олинади.
TOШКЕНТ, 4 ноя — Sputnik. Энди “Ўзбеккосмос” сув омборлари тўғонларининг силжиш динамикасини космик мониторинг қилади, дея хабар берди агентлик матбуот хизмати.
“Вазирлар Маҳкамасининг "Сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлигини доимий радиолокацион космик мониторинг қилиш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарори билан эндиликда сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлилигини доимий радиолокацион космик мониторинг қилиш тизими жорий этилади. Яъни, дамбаларнинг силжиш ва чўкиш динамикаси “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан космик назоратга олинади.”, — дейилади хабарда.
Амалга оширилган мониторинг натижалари “Сув омборларида сейсмологик кузатувларни амалга ошириш” электрон платформасига интеграция қилинади.
Электрон платформада қуйидаги маълумотлар жамланади:
сув омборлари бўйича космик мониторинг натижалари;
мавжуд тўғонларнинг реал ҳолати;
тўғонларнинг силжиш ва чўкиш кўрсаткичлари;
тўғонларнинг сейсмик мустаҳкамлиги ва фавқулодда хавфлилик даражаси.
Шунингдек, Сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлиги космик мониторингини ўрганиш комиссияси ташкил этилади. Улар жараёнларни доимий назорат қилиб боради.
“Сув омборлари тўғонларининг мустаҳкамлиги даражасини доимий мониторинг қилиш уларнинг деформацион-кучланганлик ҳолатини баҳолашда мухим аҳамият касб этади, сабаби деформацион-кучланганлик ҳолатида тўғон зилзилага таъсирчан бўлиб, энг заифлашган нуқтасида фавқулодда вазият содир бўлган тақдирда талофат етиши эҳтимоли ортиб кетади”, — дея аниқлик киритилган хабарда.
Айтилишича бундай мониторинг сув омборларидаги тўғонларнинг мустаҳкамлик ва яроқлилик ҳолатини доимий ўрганиб бориш, уларда кузатилиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдиндан таҳлил қилиш ва улардаги эҳтимолий силжишларни аниқлаш имконини беради.