Ўзбекистон БРИКС давлатлари билан янги имкониятлардан фойдаланиш ниятида — Мирзиёев

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев “БРИКС плюс” саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади
Шавкат Мирзиёев “БРИКС плюс” саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.10.2024
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон БРИКС давлатлари билан шериклик алоқаларини бундан буён ҳам фаол чуқурлаштиради.
TOШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозонда бўлиб ўтган “БРИКС плюс” саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади.
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев “БРИКС плюс” саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади
Президент Республики Узбекистан Шавкат Мирзиёев 24 октября выступил на пленарной сессии саммита БРИКС плюс. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.10.2024
Шавкат Мирзиёев “БРИКС плюс” саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади
Ўзбекистон етакчиси ўз сўзида бугунги кунда уруш ва можаролар сони ортаётганини афсус билан қайд этди.
“Жаҳон иқтисодиёти ва савдосининг парчаланиб бораётгани тенгсизлик, технологик узилишлар ва протекционизмни кучайтирмоқда. Мамлакатлар ўртасида янги тўсиқлар вужудга келмоқда”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, бундай шароитда БРИКС ўзини кўп томонлама ҳамкорлик ва шерикликнинг нуфузли ва ривожланиб бораётган тузилмаси сифатида намоён этмоқда.
Ўзбекистон етакчиси ўзаро алоқаларнинг бундай модели БМТнинг марказий ролини сақлаган ҳолда жаҳон тартиботининг бугунгидан кўра адолатлироқ янги архитектурасини шакллантириш учун мустаҳкам асос бўлиши мумкинлигига ишонч билдирди.
Геосиёсий рақобат, миллий эгоизм ва мафкуравий қолиплардан холи бўлган, конструктив мулоқот йўли билан глобал муросага эришиш бўйича янграган даъватлар қўллаб-қувватланди.
“Жаҳондаги бошқарув институтларини ислоҳ қилиш ҳамда “Жануб – Жануб” ва “Шимол – Жануб” форматларидаги масъулиятли мулоқотларни кенгайтиришнинг вақти келди, деб ҳисоблаймиз”, – деди Мирзиёев.
Ўзбекистон БРИКС давлатлари билан шериклик алоқаларини бундан буён ҳам фаол чуқурлаштириш, ушбу бирлашма доирасида очилаётган янги имкониятлардан самарали фойдаланиш ниятида экани айтилди.
Давлат раҳбари БРИКС мамлакатларининг глобал тенгсизлик ва иқтисодиётни инклюзив йўл билан қайта тиклаш муаммоларини ҳал этиш мақсадида ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фундаментал содиқлигини қўллаб-қувватлади.
Айтилишича, Ўзбекистон устувор инвестициявий ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун БРИКСнинг Янги тараққиёт банки билан яқин ҳамкорлик ўрнатишни режалаштирган. Инновация, рақамли иқтисодиёт, “яшил” тараққиёт ва энергетика, тўсиқларсиз электрон тижорат каби соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор.
Қуйидагилар маълум қилинди:
Ўзбекистон БРИКС сунъий интеллект бўйича Тадқиқот гуруҳининг қўшма лойиҳаларида иштирок этиш, ЮНИДО ҳузурида ташкил этилаётган Компетенциялар марказига, шунингдек, таклиф этилаётган Инвестиция платформасига қўшилиш ниятида.
Ўзбекистон БРИКСдаги шериклари билан биргаликда транспорт соҳасидаги боғлиқликни кучайтириш, янги трансконтинентал йўлакларни яратиш, етказиб беришнинг ишончли логистика занжирларини шакллантириш, каботаж ташувлар тизимини ривожлантириш борасида яқиндан иш олиб боришга тайёрлгарлик билдирилди.
Озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини бартараф этиш, соғлиқни сақлаш масалаларида ҳам ҳамкорлик қилиш муҳим экани қайд этилди.
Ташкилот доирасида ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаб, давлат раҳбари барча манфаатдор мамлакатларга БРИКСнинг Ишбилармонлар кенгашига қўшилиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этди.
Ўзбекистон раҳбари радикаллашув ва экстремистик ғояларнинг, аввало, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Яқин Шарқдаги можаро тобора кескинлашиб бораётгани, бу минтақа қўшни мамлакатлар ва йирик давлатларнинг бу можарога тортилиши билан глобал инқирознинг йирик ўчоғига айланиб бораётгани алоҳида ташвиш билан қайд этилди.
“Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бугунги кунда ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалар экани таъкидланди.
“Исроил-Фаластин муаммосининг ягона ечими – “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўлиб қолмоқда”, – деди президент.
Мирзиёев Афғонистон муаммосига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, мамлакатни яккалаш эмас, балки Афғонистон халқига ва унинг амалдаги ҳокимиятига ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тинч қурилиш ва тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатиш умумий вазифа ҳисобланади.
Сўзининг якунида Ўзбекистон етакчиси барқарор тараққиётнинг умумий мақсадларига эришиш учун БРИКС мамлакатлари билан яқин ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини таъкидлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозон шаҳрига тадбирларга бой амалий ташрифи ниҳоясига етди.
XVI саммит БРИКС. Пленарное заседание XVI саммита БРИКС  в формате аутрич / БРИКС плюс - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.10.2024
Жаҳон иқтисодиёти, терроризм ва хавфсизлик: Путиннинг “БРИКС+”даги асосий фикрлари
Янгиликлар лентаси
0