Она тилимизни ҳар қанча улуғласак арзийди — Мирзиёев Ўзбекистон халқига табрик йўллади
© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Шавкат Мирзиёев ознакомился с презентацией инвестиционных проектов по переработке бытовых отходов, производству электроэнергии и продукции из них.
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Ўзбек тилини ахборот технологиялари соҳасидаги йирик дастурлар тили қаторига киритилади.
ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Қадимий тарихимизнинг энг оғир ва синовли даврларида ҳам бизни ягона халқ сифатида бирлаштириб, азалий қадриятларимизни асрлар оша безавол сақлаб келаётган она тилимизни ҳар қанча ардоқласак, улуғласак арзийди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида маълум қилинди.
Қайд этилишича, кейинги йилларда кўплаб идоравий ҳужжатлар давлат тилига ўтказилди, 100 мингдан ортиқ географик объектнинг номи давлат реестрига киритилди. Ҳудудлардаги 150 мингдан зиёд ташқи ёзувлар давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштирилди.
Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан 58 номдаги қомус, луғат ва қўлланмалар кўп минг нусхаларда чоп этилди.
Ўзбекча матнларни сунъий интеллект ёрдамида қайта ишлаш ва ўзбек тилида мулоқот қилишга мўлжалланган “ақлли” дастур ишлаб чиқилиб, “Ўзбек тили изоҳли луғати”нинг веб-сайти яратилди.
Айни пайтда ўзбек тилидаги матнларни таҳрир қилиш, уларни лотин ва кирилл ёзувига ўгириш ва сўзларнинг луғавий маъносини кўрсатишга мўлжалланган электрон дастурлар ҳам амалиётда фаол қўлланмоқда.
“2025 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим мактабларида миллий сертификатга эга бўлган ўзбек тили ўқитувчиларига маошининг 50 фоизи миқдорида ойлик устама ҳақ тўланиши она тилимиз фидойиларининг шарафли меҳнатини рағбатлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз”, — дейилади табрик матнида.
Таъкидланишича, “Википедия” халқаро интернет энциклопедиясидаги ўзбекча маълумотлар ҳажми кескин кўпайиб, давлат тилида эълон қилинаётган мақолалар ҳажми бўйича Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида етакчи мамлакатга айланган.
“Шу ўринда бағрикенг диёримизда аҳил-иноқ яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларининг тили, анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш бўйича ҳам муҳим ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Жумладан, республикамиз мактабларида таълим-тарбия жараёни 7 та тилда йўлга қўйилган бўлиб, 160 га яқин миллий маданий марказ ҳамда қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларидаги оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда”, — деди президент.
Табрикка кўра, ўзбек тилининг беқиёс имкониятларини юзага чиқариш, унинг жаҳон миқёсида нуфузи ва жозибадорлигини ошириш учун ҳали кўплаб вазифалар бор.
“Аввало, юксак тараққий этган демократик давлатларда бўлгани каби давлат тили бутун жамиятни, тили ва миллатидан қатъи назар, барча фуқароларни ягона халқ сифатида бирлаштиришга хизмат қилиши зарур. Бу борада ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан бўлган тил масаласида ортиқча эҳтирос ва ҳиссиётларга берилмасдан, узоқни ўйлаб, вазминлик билан иш тутиш кераклигини ҳаммамиз яхши англаймиз. Зеро, давлат тили фақатгина соҳа мутахассисларининг эмас, балки кўпмиллатли бутун халқимизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, ақл-заковати, маънавий-маърифий салоҳияти, ватанпарварлик фазилатлари билан равнақ топади”, — дея қайд этди президент.
Қайд этилишича, рақамли маконда давлат тилини кенг жорий этишга мўлжалланган ишларни янги босқичга кўтариш, ўзбек тилини ахборот технологиялари соҳасидаги йирик дастурлар тили қаторига киритиш чораларини кўриш ҳам долзарб вазифа бўлиб қолади.