Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади — янги фармон
© Давлат тест маркази Тест синовлари
© Давлат тест маркази
Oбуна бўлиш
Келаси йилдан республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари техникумларга бириктирилади.
TOШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Ўзбекистонда кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган тегишли фаромонда назарда тутилган.
Фармонга кўра, касбий таълим ташкилотларининг амалдаги турлари мақбуллаштирилиб, касбий таълимнинг барча даражалари бўйича кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади.
Техникумларда:
кадрлар тайёрлаш Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи ва Ўзбекистон миллий малака тизими талабларига мос равишда ташкил этилади;
бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади, шунингдек, малака ва компетенциялар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади;
бошланғич касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш умумий ўрта таълим ташкилотининг 9-синфини тамомлаган ўқувчилар учун – давлат гранти асосида амалга оширилади;
ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ташкил этилади.
Шунингдек, ўрта махсус касбий таълим дастурларининг битирувчиларига ўзлаштирган модуллари, тўплаган кредитлари ва олий таълим ташкилоти томонидан белгиланган баллар ўртача қийматидан (GPA) келиб чиқиб, бакалавриатнинг тегишли босқичидан ўқишни давом эттиришга рухсат этилади.
Ҳужжатга кўра, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари техникумларга бириктирилади.
"Фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан негизида техникумлар ташкил этиладиган касбий таълим ташкилотлари рўйхати тасдиқланди. 2025 йил 1 сентябргача республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари белгиланган тартибда кадрлар буюртмачиси ва саноат ҳамкори сифатида техникумларга бириктирилади", — дейилади ҳужжат матнида.
2025/2026 ўқув йилидан техникумларга қуйидагиларни амалга оширишга рухсат берилади:
фанларни бир-бирига интеграция қилишга ҳамда ажратилган соатлар доирасида мутахассислик ва умумкасбий фан (модул)ларнинг соатларини 30 фоизгача ўзгартиришга;
етакчи хорижий таълим ташкилотлари иштирокида тўлов-контракт асосидаги қўшма таълим дастурларини жорий қилишга;
кадрлар тайёрлаш ва қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга;
фуқаролар ва ишсизларни касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил қилишга;
касбий кўникмалар марказларидан амалиёт базалари сифатида бепул фойдаланишга.
Техникум директорлигига талабгорлар очиқ танлов асосида танлаб олинади
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан ўрта бўғин кадрларига бўлган талаб “Касбий таълим” платформаси орқали шакллантирилади.
"2025/2026 ўқув йилидан белгиланган техникумларда халқаро таълим дастурлари жорий қилинади. Халқаро таълим дастурлари асосида таълим олган ва имтиҳонларни муваффақиятли топширган ўқувчиларга халқаро таълим дастурлари бўйича диплом (сертификат) ҳамда касбий таълим тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади", — дейилган ҳужжат матнида.
Қолаверса, 2025 йил 1 январдан техникумларнинг директор ва директор ўринбосари лавозимларига талабгорларни очиқ танлов асосида танлаш тартиби жорий қилинади.
Касбий таълим тизимида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича масъул орган этиб Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги белгиланди.