Тошкент камида 7,5 млн одам яшайдиган мегаполисга айлантирилади

© Sputnik / Актан ТемиркановСтела "Я люблю Ташкент".
Стела Я люблю Ташкент. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.10.2024
Oбуна бўлиш
Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳасига кўра, унинг ҳудуди 3 та зонага ажратилади.
TOШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Тошкент камида 7,5 миллион одам яшаши ва ишлаши учун қулай шароитга эга йирик мегаполисга айлантирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, бугунги кунда шаҳар ҳудуди 43 минг 822 гектар, аҳоли сони 3 миллиондан зиёд. Келгусида бу миқёс янада ошишини инобатга олиб, Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси лойиҳалаштирилди.
“Давлатимиз раҳбари Тошкентни камида 7,5 миллион одам яшаши ва ишлаши учун қулай шароитга эга йирик мегаполисга айлантириш зарурлигини таъкидлади”, — дейилади хабарда.
Давлат раҳбари бу борадаги илк ишланмалар билан 2022 йилда танишган эди. Унда берилган кўрсатма ва тавсиялар асосида лойиҳа такомиллаштирилди. “ТошкентбошпланЛИТИ” корхонасида халқаро компаниялар билан ҳамкорликда пухта иш олиб борилди.
Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилган:
Тошкент ҳудуди 3 та зонага ажратилади.
Консервация зонасида маданий мерос бинолари, тарихий жойлар, уйлар ва яшил ҳудудлар ўзгаришсиз қолади.
Реконструкция зонасида мастер-режалар асосида қўшимча қурилишлар қилиш мумкин бўлади.
Реновация зонасида эскирган уй-жой, бинолар ўрнида янги қурилишлар ва таъмирлаш амалга оширилади.
Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги яшил ҳудудлар 3 карра кўпайтирилиб, 25 минг гектарга етказилиши белгиланмоқда. Бу орқали аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил майдон ҳозирги 3 квадрат метрдан 6 квадрат метрга ошади.
“Шаҳарсозлик талабига кўра, аҳоли ўз яшаш жойидан энг яқин боғча, мактаб, шифохона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларигача кўпи билан 15 дақиқада етиб бора олиши керак. Шу боис жамоат транспорти тармоғи кенгайтирилиб, боғламлар ва бекатлар кўпайтирилади. Янги йўллар қурилиб, метробус йўналишлари ташкил этилади”, — дея қайд этилган хабарда.
Айтилишича, сўнгги йиллардаги ўсиш натижасида Тошкентда электр энергияси, сув ва оқова инфратузилмаси юклама билан ишлаяпти. Бош режа лойиҳасида бу қувватларни ошириш манбалари ҳам ҳисоб-китоб қилинган.
Бош режа тасдиқлангач, унинг хариталари Шаҳарсозлик кадастри геоахборот тизимида ҳамда Тошкент ҳокимлиги веб-сайтида очиқ маълумот сифатида жойлаштирилади.
Шунингдек, давлат раҳбари Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ ва Тошкент туманларини пойтахт билан яхлит агломерация асосида ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.
Янгиликлар лентаси
0