Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази ташкил этилади - янги қонун
18:34 05.10.2024 (янгиланди: 10:04 06.10.2024)
© Sputnik / Владимир ФедоренкоПортфель с документами
© Sputnik / Владимир Федоренко
Oбуна бўлиш
Марказ раҳбар кадрларнинг компетенциялари ва ақлий салоҳиятини аниқлаш бўйича тест синовлари ўтказиш ва бошқа қатор вазифаларни бажаради.
ТОШКЕНТ, 5 окт - Sputnik. Ўзбекистонда раҳбар кадрларни баҳолаш маркази ташкил этилади. Бу ҳақида 4 октябрь куни имзоланган Ҳукумат қарорида айтиб ўтилди.
Марказ Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги муассислигида ташкил этилади ва қуйидаги вазифаларни бажаради:
ижтимоий-психологик тадқиқотлар асосида давлат фуқаролик хизматчилари учун базавий, алоҳида лавозим ёки лавозимлар гуруҳи учун компетенциялар модели ҳамда индикаторларини ишлаб чиқиш;
давлат фуқаролик хизматчиларини шахсий-профессионал диагностика қилиш, компетенциялар модели асосида комплекс баҳолаш;
компетенцияларни баҳолаш жараёнида фойдаланиш учун доимий равишда янги услубларни ишлаб чиқиш, ўзлаштириш ва жорий қилиш;
компетенцияларни баҳолаш натижалари асосида раҳбар кадрлар учун шахсий-профессионал ривожланиш траекториясини ишлаб чиқиш ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш;
раҳбарлик лавозимига номзодларни умумий касбий билими, қадриятлари ва ақлий салоҳиятини аниқлаш бўйича тест синовларини ҳамда психологик сўровномалар ўтказиш;
раҳбар кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш, кадрларга бўлган эҳтиёжни прогноз қилиш, уларни саралаб олиш ва жой-жойига қўйиш жараёнларига рақамли технологияларини ва замонавий усулларни кенг жорий этиш;
фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича эксперт-таҳлилий фаолият, илмий тадқиқот ва изланишларни олиб бориш.
Ўзбекистон Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Россия Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси (РАНХиГС) қошидаги Давлат бошқаруви олий мактабининг Раҳбар кадрларни баҳолаш ва ривожлантириш факультети билан ҳамкорликни йўлга қўйгани ҳақида олдинроқ хабар берган эдик.