Чиқиндиларни бошқариш агентлиги ташкил этилади
09:47 04.10.2024 (янгиланди: 09:52 04.10.2024)
© Sputnik / Актан ТемиркановУрна для раздельного сбора мусора.
© Sputnik / Актан Темирканов
Oбуна бўлиш
Янги агентлик аҳоли ва санитар тозалаш корхоналари ўртасида боғловчи бўғин сифатида ташкил этилади.
ТОШКЕНТ, 4 окт - Sputnik. Ўзбекистонда ️Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилади. Бу ҳақида 26 сентябрь куни имзоланган президент фармонида айтиб ўтилган.
Янги агентлик аҳоли ва санитар тозалаш корхоналари ўртасида боғловчи бўғин сифатида Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази негизида ташкил этилади.
Агентлик чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ягона меъёрлар ва стандартларни ишлаб чиқувчи, синовдан ўтказувчи ва амалиётга татбиқ этувчи, ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштирувчи ҳамда чиқиндиларни бошқариш соҳасига тааллуқли давлат мулкини бошқарувчи масъул давлат органи ҳисобланади.
2025 йил 1 мартдан санитар тозалаш корхоналари фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичларини аниқлаш мезонлари тасдиқланади.
Шунингдек, фармонга кўра 2026 йил 1 январдан:
чиқиндилар билан боғлиқ хизматларни тадбиркорларга бериш бўйича тендерларни онлайн кузатиш имкониятини яратиш;
чиқинди тўплаш шохобчаларига видеокузатув камераларини ўрнатиш ва аҳоли томонидан кузатиш имкониятини яратиш;
чиқиндиларни ташиш билан шуғулланувчи барча махсус техникаларга онлайн кузатув (GPS) тизимини ўрнатиш;
санитар тозалаш корхоналари билан қайта алоқа қилиш учун “Call марказ” фаолиятини йўлга қўйиш;
санитар тозалаш корхоналари хизмат кўрсатувчи ҳудудларнинг географик чегараси ҳамда аҳоли ва юридик шахсларга бириктирилган чиқиндиларни йиғиш майдончалари (контейнер) жойлашуви тўғрисида аниқ маълумотлар бериш;
абонентларнинг ҳосил бўлган чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш графигини кўрсатиш ташкил этилади.