Инвестицияларни кўпроқ жалб этиш учун “гаров хати”ни онлайн расмийлаштириш таклиф этилди

© Depositphotos / VadymvdrobotРабочее место
Рабочее место - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.09.2024
Oбуна бўлиш
Депутатлар гаров хатини расмийлаштириш тартибини ўзгартиришга оид қонун лойиҳасини қабул қилишди.
ТОШКЕНТ, 11 сен — Sputnik. Эндиликда гаров хати онлайн тартибда расмийлаштирилади, дея хабар берди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.
Қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида “Ипотека кредити бозорининг ривожлантирилиши ва кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.
Айтилишича, аҳолининг уй-жойларга ўсиб бораётган эҳтиёжини қаноатлантириш учун бозор тамойиллари асосида тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этиш зарур.
Бунинг учун ипотека бозорини узоқ муддатли ресурслар билан таъминлашда фақат давлат бюджети ёки ташқи қарз маблағларини жалб этмасдан ипотека бозоридаги воситалардан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
“Одатда банк ипотека кредитини ажратганидан сўнг ушбу маблағлар қайтишини 20 йил кутиши керак. Банклар ажратилган маблағлар айланмасини тезлаштириш учун ушбу кредитларнинг ўзини актив сифатида ишлатади. Бунинг воситаларидан бири бу гаров хатини расмийлаштириш ҳисобланади”, — дейилади хабарда.
Гаров хатини бошқа шахсга ўтказиш фуқаро учун ипотека кредити шартларини ўзгартирмайди ва унга қўшимча мажбуриятларни юкламайди. Бунда фақат кредит бўйича тўловларни қабул қилувчи шахс ўзгаради, холос. Кейинчалик банк гаров хатларини таъминот сифатида ишлатиб, бошқа молиявий институтлардан қарз маблағларини жалб қилиши мумкин бўлади.

“Гаров хати расмийлаштирилгандан кейин бу ноинвестициявий характерга эга бўлган қимматли қоғозга айланади. Мақсадли қимматли қоғоз бўлади. Бу ҳар кимга ҳам сотилмайди. Банк буни ўзи актив сифатида олиб учинчи молиявий институт билан ёки бошқа банк билан алоқага киришиши мумкин. Гаров хати билан фақат ипотека кредити жалб қилиши мумкин. Бошқа нарсага ишлата олмайди. Олган маблағини ҳам ипотекага жойлаб, шуни ҳисобига қурилган уй-жойлар бўладиган бўлса ўша кредитни кафолати сифатида расмийлаштирилади”, — дея тушунтирди депутат Назаров Шарофиддин.

Амалдаги қонунчиликда гаров хати механизмини такомиллаштириш орқали ипотека бозорига узоқ муддатли ресурсларни жалб этиш ва ипотека кредитини актив сифатида муомалага киритиш назарда тутилган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан “Ипотека тўғрисида”ги қонунга онлайн тартибда ёки давлат хизматлари марказига бориш орқали гаров хатини расмийлаштириш ва гаров хати билан боғлиқ бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинмоқда.
“Ҳозир қонунчиликда шу имконият бўлмаганлиги сабабли, банклар қўлида турган ресурсдан халқаро бозордан молиявий ресурсларни жалб қилиш учун фойдалана олмаяпти. Қонунга ўзгартириш кирганидан кейин, банкларимиз халқаро бозордан кўпроқ инвестициялар жалб қилиш имконига эга бўлади”, — дейди депутат Алишер Қодиров.
Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси директори Муроджон Фармоновнинг сўзларига кўра, қоғоз шаклидаги гаров хати бундан кейин ҳам мавжуд бўлиши мумкин.

“Бугунги кунга келиб тижорат банклари томонидан шакиллантирилган 20 мингта ипотека кредитини жамлаб, қимматли қоғоз шаклига айлантириб сота олишимиз учун бизга электрон шаклдаги қулайлик, самародор инструмент керак. Қоғоз шаклидаги гаров хати бу имконни бермайди. Яъни 20 мингта ҳолатнинг ҳаммасида шахсан кадастрга бориб, шахсан расмийлаштириш керак. Ҳозир ипотека кредитини биттама-битта гаров реестрига киритиб боряпмиз”, — дея аниқлик киритди Фармонов.

Айтилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши гаров хатини расмийлаштириш, уни бериш, қайта молиялаш жараёнини жиддий тарзда соддалаштириш имконини беради.
Янгиликлар лентаси
0