Ўзбекистон КХШТ машғулотларида кузатувчи сифатида иштирок этади

© Sputnik / Максим Блинов / Медиабанкка ўтишУчения ОДКБ "Нерушимое братство - 2015" в Армении
Учения ОДКБ Нерушимое братство - 2015 в Армении - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.08.2024
Oбуна бўлиш
КХШТ: Марказий Осиёдаги машғулотлар КХШТга аъзо давлатларни ҳимоя қилишга қаратилган.
TOШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) машғулотларида кузатувчи сифатида иштирок этади. Бу ҳақда ташкилотнинг бирлашган штаб бошлиғи Андрей Сердюков брифингда маълум қилди.
Сентябрь ва октябрь ойларида Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонда КХШТ машғулотлари ўтказилиши режалаштирилган.
3-15 сентябрь кунлари Қирғизистонда КХШТ Тезкор ҳаракат коллектив кучлари билан машғулотлар бўлиб ўтади. “Ўзаро ҳамкорлик – 2024”, “Эшелон – 2024” ва “Излаш – 2024” машқлари Чуй ва Иссиқкўл вилоятларида ташкил этилади.
Сердюковнинг қайд этишича, “Ўзаро ҳамкорлик-2024” КХШТнинг Тезкор ҳаракат коллектив кучлари билан қўмондонлик штаб машғулотлари инқирозли вазиятни бартараф этиш учун куч ва воситалардан фойдаланишни ишлаб чиқишга қаратилган.
Ушбу машғулотларга КХШТга аъзо бўлмаган давлатларнинг вакиллари кузатувчи сифатида таклиф қилинди: Жазоир, Миср, Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Мўғулистон, Покистон, Саудия Арабистони, Ўзбекистон, БМТ ва ШҲТ котибиятлари, Ижроия қўмитаси ва МДҲ аксилтеррор маркази.
“Машғулотлар инқирозли вазиятни бартараф этиш учун куч ва воситалардан фойдаланишни ишлаб чиқишга қаратилган. Коллектив тезкор ҳаракат кучлари жамоавий хавфсизлик тизимининг универсал воситаси бўлиб, барча мавжуд чақириқ ва таҳдидларга муносиб жавоб беришга имкон беради. Машқлар давомида биз коллектив кучлар контингентини амалда энг юқори жанговар шай ҳолатга келтирамиз, гуруҳ тузамиз, қуролли можарони ҳал қилиш бўйича қўшма операцияни тайёрлаймиз ва ўтказамиз”, — деди Сердюков.
Айтилишича, қўшма тадбирларни режалаштиришда замонавий қуролли можаролар тажрибаси, хусусан, махсус ҳарбий операция, Суриядаги уруш ва араб-исроил қарама-қаршилиги ҳисобга олинган.

“Жанговар ҳаракатларни ўтказишнинг доимий равишда ўзгариб турадиган шакл ва усуллари уларни тезкор ва жанговар тайёргарлик жараёнида чуқур таҳлил қилиш, ўрганиш ва ўзлаштиришни талаб қилади. Жорий йилда ҳарбий-техник ҳамкорлик доирасида Россия ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналари томонидан ишлаб чиқилган замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий-техника воситалари имкониятларини Қирғизистон ва Тожикистонда намойиш этиш бўйича келишувларга эришилди”, — деди Сердюков.

Унинг сўзларига кўра, октябрь ойи бошида Қозоғистонда КХШТ тинчликпарвар кучлари билан “Бузилмас биродарлик – 2024” қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтказилади.
Миллий контингентларни қайта гуруҳлаш, белгиланган ҳудудда Коллектив тинчликпарвар кучларни шакллантириш, тинчликпарвар операцияни режалаштириш ва ўтказиш масалаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

“Октябрь ойи ўрталарида Тожикистонда Марказий Осиё минтақаси жамоавий тезкор қўшинлари бўлинмалари билан ташқи ҳарбий тажовузни қайтаришда, қўшма қуроллар, терроризмга қарши ва махсус операцияларда иштирок этиш учун мўлжалланган “Чегара-2024” қўшма машғулотлари ўтказилади. Қўшма машғулотлар натижалари умумлаштирилади, атрофлича ўрганилади ва уларнинг натижалари кейинчалик амалиётга татбиқ этилади”, — деди Сердюков.

Унга кўра, КХШТнинг Марказий Осиёдаги машғулотлари бошқа давлатларга қарши қаратилмаган.
“КХШТ қўшинлари (коллектив кучлари) билан режалаштирилган тадбирлар ташкилотга аъзо давлатларнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини коллектив асосда ҳимоя қилишга қаратилган, улар халқаро стандартларга тўлиқ мос келади ва бошқа давлатларга қарши қаратилмаганлигини қайд этмоқчиман”, — деди Сердюков брифингда.
Рабочий визит министра обороны РФ А. Белоусова в Казахстан - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.06.2024
Ғарб КХШТдаги иттифоқчилик муносабатларига путур етказмоқчи — Белоусов
Янгиликлар лентаси
0