Ўзбекистонда 2024 йилда ўқувчини мактабга юбориш харажатлари қанчага тушади – инфографика

Oбуна бўлиш
Янги ўқув йили бошланишига икки ҳафтадан камроқ вақт қолди, ота-оналар эса ўқув қуроллари ҳамда кийим-кечак харид қилиш билан банд.
Sputnik Ўзбекистон мухбирлари 2024 йилда Тошкент ва Самарқандда ўқувчини мактабга юбориш харажатлари қанчага тушишини аниқлади.
Таъкидлаб ўтамиз, барча маълумотлар Тошкент шаҳридаги бозорлар, мактаб ярмаркалари ва интернет-дўконларида тўпланган ва кўрсатилган нархлар якуний эмас. Савдо марказларида шунга ўхшаш товарларнинг нархи сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин.
Ўқув қуроллари нархи 600 сўмдан (дафтар муқоваси) 230 минг сўмгача (портфель) бўлиши мумкин. 20 дона ўн икки варақли дафтар – 29 минг сўм, бешта ручка – 7,5 минг сўм, қаламдон 32 минг сўм, фломастер тўплами – 40 минг сўмга тушади.
Мактаб формасига келсак, ўғил болалар учун кўйлак нархи – 210 минг сўм, шим – 200 минг сўм, пойабзал – 450 минг сўмгача етиши мумкин. Қизлар учун блузка – 100-200 минг сўм, юбка – 162-250 минг сўм, костюм – 182-400 минг сўм, пойабзал – 140-360 минг сўмгача бўлади.
Нархлар сотиб олинган жой, маҳсулот сифати, ишлаб чиқарилган мамлакат ва брендга боғлиқ.
Сотувчиларнинг сўзларига кўра, ота-оналар мактаб бошланишига 1-2 ҳафта қолганида ўқув қуролларини фаол харид қилишга тушишади. Ўқувчиларга канцелярия буюмларини ва кийим-кечакларни бутун мамлакат бўйлаб очилган махсус мактаб ярмаркаларида, бозорларда ва интернет-дўконларда харид қилиш мумкин.
Маблағни бироз тежашни хоҳловчилар Тошкентдан 11 км узоқликда жойлашган “Қуёшли” (“Солнечний”) улгуржи бозорига боришлари мумкин. У ерда маҳсулотларнинг кенг ассортименти мавжуд бўлиб, улгуржи нархларда харид қилиш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистонда онлайн режимда баҳолар ва дарс жадвалларини кузатиш имконини берувчи электрон кундаликлар жорий этилган, шу сабабли оддий кундалик харид қилишга ҳожат йўқ.

Самарқандда 2024 йилда болани мактабга юбориш харажатлари қанчага тушади?

Шаҳарда ўқув қуролларининг кенг ассортименти мавжуд. Масалан, портфель – 180 минг сўмдан 350 минг сўмгача туради. 12 варақли дафтарнинг нархи маҳсулот сифатига қараб 700 сўмдан 2 минг 200 сўмгача. 48 ва 96 варақли дафтарлар нархи 2,5 минг сўмдан 6,5 минг сўмгача бўлади.
Оддий шарикли ручка минг сўм бўлса, худди шу вазифани бажарувчи тўппонча ёки самолёт шаклидаги декоратив ручка 10 минг сўм ва ундан юқорироқ туради. Рангли қаламлар тўплами – 18 минг сўмдан 55 минг сўмгача, 72 рангдаги қаламлар эса 300 минг сўмга яқин нархда. 16 варақдан иборат расм дафтарини 7–20 минг сўмга харид қилиш мумкин. Чизғич нархи – 2 минг сўмдан 3,5 минг сўмгача, тўплами эса 12 минг сўмдан бошланади.
Самарқанд шаҳридаги мактаб ярмаркаларидан бирининг ташкилотчиси Аминжон Аминовнинг айтишича, битта болага ўқув қуролларини харид қилиш, портфелни ҳисобга олмаганда, 150 минг сўмга тушади.
“Бу суммага ўқувчининг ўқиши учун зарур бўлган канцелярия буюмлари киради. Бироқ, кўп харидорлар унчалик ҳам зарур бўлмаган буюмларни, масалан, фломастер ёки скетч-маркерларини сотиб олишади. Шунга кўра, хариднинг якуний қиймати бир неча баравар ошиши мумкин”, - дея таъкидлайди Аминов.
Электрон кундаликлар жорий этилганига қарамай, ярмаркаларда оддий кундаликларга талаб ҳамон сақланиб қолмоқда. Уларнинг нархи 5 минг сўмдан 60 минг сўмгача. Очқич, ўчиргич ва елимни 10–15 минг сўмга харид қилиш мумкин. Қаламдон 15 минг сўмдан 50 минг сўмгача туради. Оддий қора қалам қўрғошиннинг юмшоқлиги ёки қаттиқлигига қараб 800 сўмдан 1,5 минг сўмгача туради. Чизиш учун сув идишчаларини 5 минг сўмга сотиб олиш мумкин.
Мактаб ўқувчилари учун кийим-кечак сотиладиган ярмаркаларга келсак, улар мактаб ҳудудида ҳам, савдо марказларида ҳам ташкил этилади. Масалан, қизлар учун блузкани 30 минг сўмга олиш мумкин, лекин 150 минг сўмга ҳам бор. Мактаб юбкаси 80-200 минг сўмга тушади, уч қисмли костюм эса 250 минг сўмдан бошланади. Ўғил болалар учун пойабзални 200 минг сўмга, қизлар учун эса 100 минг сўмдан 250 минг сўмгача харид қилиш мумкин.
Мактаб ярмаркаларида қатнашаётган самарқандликлар ўртасида ўтказилган сўров давомида уларнинг аксарияти мактабга тайёргарлик учун 1,5-2 миллион сўм сарфлашга тайёр экани маълум бўлди.
Шундай қилиб, болани мактабга 700 минг сўмга ҳам, 2 миллион ва ундан ортиққа ҳам тайёрлаш мумкин.
Янгиликлар лентаси
0