Ўзбекистон Марказий Осиё ёшлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлайди — Қонунчилик палатаси
© Sputnik / Дильшода РахматоваФестиваль молодежи в Чирчике
© Sputnik / Дильшода Рахматова
Oбуна бўлиш
Депутатлар минтақа ёшларини бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилишди.
ТОШКЕНТ, 30 июл — Sputnik. Депутатлар Марказий Осиё давлатларида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда ташаббусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилишди, дея хабар берди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.
Қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида “Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги битимни (Душанбе, 2023 йил 14 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Мазкур битим минтақа ёшларини бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ҳужжат ҳисобланади.
“Битимни тузиш ташаббуси 2022 йил 21 июлда Чўлпонотада ўтказилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг IV маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган”, — дейилади хабарда.
Ҳужжат Марказий Осиё давлатларида давлат органлари ва муассасалари, нодавлат нотижорат такшилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга ҳамда ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Битимнинг асосий йўналишлари:
ёшларни Марказий Осиё давлатларининг ижтимоий, маданий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётига жалб қилиш;
ёшларнинг жамият ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш;
соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялашга қаратилган турли дастурларни ишлаб чиқиш;
таълим муассасаларида таҳсил олувчи ёшлар ўртасида очиқ ва сифатли таълим олишни таъминлаш;
илғор тажриба алмашиш ҳамда илмий-инновацион ҳамкорликни ривожлантириш;
ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш;
ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида олимпия, паралимпия, шунингдек ноолимпия ва миллий спорт турларини тарғиб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш;
ижодий истеъдодли, иқтидорли ва қобилиятли ёшларнинг ижодий фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
ёшлар ўртасида ихтиёрий (волонтёрлик) ҳаракати фаолиятини рағбатлантириш ва тарғиб қилиш;
Марказий Осиё халқаро таълим ёшлар туризмини ривожлантиришга кўмаклашиш ва ёшлар аудиторияси учун мўлжалланган туризм инфратузилмасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш;
ёшларнинг ижтимоий заиф гуруҳларини, шу жумладан имконияти чекланган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни ижтимоий ҳаётга мослаштиришга қаратилган чоралар кўриш;
ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш.
Шунингдек, ёшлар иштирокида оммавий тадбирлар, лойиҳалар, ёшлар лагерлари, давлатлараро ёшлар акциялари, семинарлар, мунозара клублари, давра суҳбатлари, ёшлар форумлари ва минтақадаги ёшлар сиёсатининг долзарб масалаларига бағишланган конференцияларни ташкил этишга кўмаклашилади.
“Муҳокамалар чоғида депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ушбу битимнинг ташаббускори ва депозитарийси сифатида уни биринчилардан бўлиб ратификация қилиши, ушбу халқаро ҳужжатнинг кучга кириши учун Марказий Осиёнинг қолган давлатлари ҳам ички тартиб-таомилларидан ўтказишига туртки бўлишини алоҳида таъкидланди”, — дейилади хабарда.
Депутатларнинг фикрича, битимнинг ратификация қилиниши Марказий Осиё давлатларининг ёшлар сиёсати соҳасида шериклик муносабатларини ривожлантиришга имкон яратади. Шунингдек, минтақадаги ёшлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.