Кўпмиллатли жамиятни бошқаришда Ўзбекистон муҳим тажриба тўплади — Мирзиёев
08:42 30.07.2024 (янгиланди: 10:26 30.07.2024)
© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Республики Узбекистан принял верительные грамоты у вновь назначенных иностранных послов
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Республикада 130 тадан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ, ҳамжиҳат бўлиб яшамоқда.
ТОШКЕНТ, 30 июл — Sputnik. Кўпмиллатли ва кўпмаданиятли жамиятни оқилона бошқариш соҳасида Ўзбекистон муҳим тажриба тўплади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Халқлар дўстлиги куни муносабати билан аҳолига йўллаган табригида маълум қилди.
“Бутун Ўзбекистон халқини Халқлар дўстлиги куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган ислоҳотларимиз жараёнида жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашни энг устувор вазифаларимиздан бири этиб белгиладик. Дунёда Халқаро дўстлик куни деб қабул қилинган 30 июль санасини мамлакатимизда Халқлар дўстлиги куни деб эълон қилганимиз ва ўзига хос байрам сифатида кенг нишонлашни анъанага айлантирганимиз ҳам шундан далолат беради”, — дейилади байрам табригида.
Қайд этилишича, бугунги кунда республикада 130 тадан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ, ҳамжиҳат бўлиб яшамоқда. 157 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда.
Мамлакатдаги таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнлари ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилмоқда, қардош тилли мактабларда ўқиётганлар давлат ҳисобидан дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминланмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ташкил этилган “Дўстлик уйлари” фаолияти ҳар тарафлама қўллаб-қувватланмоқда.
“Марказий Осиё минтақасидаги қўшни давлатлар билан дўстона алоқалар қайта тиклангани, азалий ришталар янгича мазмунда давом эттирилаётгани халқимизнинг хоҳиш ва истаклари, орзу-интилишларини яққол ифода этмоқда. Кўпмиллатли ва кўпмаданиятли жамиятни оқилона бошқариш соҳасида Ўзбекистон муҳим тажриба тўплади. Бизнинг бу борадаги фаолиятимиз дунё миқёсида катта қизиқиш уйғотмоқда”, — дея қайд этилган табрик матнида.
Таъкидланишича, Ўзбекистон бундан буён ҳам нодавлат ташкилотларнинг ролини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш орқали фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга, миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади.
Мамлакатда миллатлар ва конфессиялар ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш сиёсатини изчил давом эттирилади.