Ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолияти янада такомиллаштирилади — президент фармони
© Sputnik / Андрей Зима
/ Oбуна бўлиш
Фармонга мувофиқ, Экология вазирлигига қатор ваколатлар берилди.
TOШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Ўзбекистонда ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолияти янада такомиллаштирилади. “Республикада ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан овчилик хўжалигини ташкил этишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:
ов қилиш фақат овчилик хўжаликлари ҳудудида амалга оширилади ва овчилик хўжаликлари ҳудудидан ташқарида ов қилишни амалга ошириш тақиқланади;
овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун ер юридик ва жисмоний шахсларга электрон онлайн-аукцион орқали 49 йил муддатга қуйидаги босқичларда ижара ҳуқуқи асосида ажратилади:
1️-босқичда – 10 йил муддатга;
инвестиция ва шартномавий мажбуриятларни бажариш натижаларига кўра:
2️-босқичда – 10 йил муддатга;
3️-босқичда – 29 йил муддатга.
Бунда, 2 йил муддат ичида ёввойи ҳайвонларни етиштириш ва такрор кўпайтириш бўйича питомниклар инфратузилмаси ёки такрор кўпайтириш участкаси ташкил қилинмаса, ижара шартномаси бекор қилинади.
Электрон онлайн-аукцион ғолиби бўлган юридик ва жисмоний шахсларга овчилик хўжаликларига туташ ҳудуддаги ов қилиш жойлари овчилик хўжалигини юритиш учун бириктириб берилади.
Фармонга мувофиқ, Экология вазирлигига қуйидаги ваколатлар берилди:
овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартноманинг намунавий шаклини тасдиқлаш;
овчилик хўжалигини юритишда техник-иқтисодий асоснома материалларининг форматини тасдиқлаш;
юридик ва жисмоний шахслар билан овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисида шартнома тузиш.
2024 йил 1 октябрдан овчиларга овчилик йўлланмаси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталар асосида электрон дастур орқали берилади.
2024 йил 1 октябрдан овчилик гувоҳномасини беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади, жумладан:
овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни махсус ўқув курсларида ўқитиш жорий этилади;
овчилик гувоҳномаси муомалага лаёқатли, 18 ёшга тўлган, ўқув курсларини тугатган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсларга ЯИДХП орқали 2 йил муддатга берилади.
2024 йил 1 сентябрдан ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш жойларини, кичик сафари парклар ва ов туризмини ташкил қилган овчилик хўжаликлари 3 йил муддат мобайнида мол-мулк ва ер солиғини 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкалари бўйича, шунингдек, айланмадан олинадиган солиқни 1 фоиз миқдорида тўлайди.