Ўзбекистон заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ҳажмини оширади — янги фармон

© Sputnik / Сергей Пятаков / Медиабанкка ўтишПовседневная жизнь Бухары
Повседневная жизнь Бухары - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.07.2024
Oбуна бўлиш
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш янада ривожлантирилади.
TOШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Ўзбекистон 2025 йил якунигача қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ҳамда бошқа буюмларнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмларини 1 миллиард долларга ва экспорт кўрсаткичи 100 миллион долларга етказади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган тегишли фармонда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, 2024–2026 йилларда Бухоро ва Наманган вилоятларида биттадан ҳамда Тошкент шаҳрида иккита заргарлик марказлари ташкил этилади. У ерда тадбиркорлар учун зарур инфратузилма яратилади.
“2025 йил якунигача қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ҳамда бошқа буюмларнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмлари 1 миллиард АҚШ долларига ва экспорт кўрсаткичи 100 миллион АҚШ долларига етказилади”, — дейилади ҳужжат матнида.
2025 йил 1 январгача заргарлик марказларини ташкил этиш учун давлат кўчмас мулк объектларини яхлит мулк сифатида ёки лотлар (қисмлар ва хоналар)га бўлган ҳолда тадбиркорлик субъектлари ва тижорат банкларига узоқ муддатли ижарага ёки мулк ҳуқуқи асосида, қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шартларида реализация қилиш чоралари кўрилади.
Заргарлик марказларидаги ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металларни кечиктириб тўлаш шарти билан сотишда:
90 кун ичида амалга оширилган тўловлар қисмига – фоиз ҳисобланмайди;
91-кундан бошлаб 180-кунгача амалга оширилган тўловлар қисмига – йиллик 3 фоиз миқдорида фоиз ҳисобланади.
Заргарлик саноатида ишлатиладиган лигатура маҳсулотлари божхона божидан озод этилади
Фармонга мувофиқ, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар “Олмалиқ КМК” АЖ ва “Навоий КМК” АЖ томонидан узлуксиз равишда зарур миқдордаги қимматбаҳо металлар билан таъминланади.
2024 йил 1 сентябрдан:
“Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасига аъзо бўлган аффинаж корхоналарига “Олмалиқ КМК” АЖ ва “Навоий КМК” АЖдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида 100 фоиз олдиндан тўлов шартларида қимматбаҳо металларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни қулай бўлган шакл ва миқдорларга келтирган ҳолда заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга сотиш ҳуқуқи берилади;
заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга ўзлари ясаган ярим тайёр заргарлик буюмларини бошқа заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга реализация қилишга рухсат этилади.
2024 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябргача заргарлик саноатида ишлатиладиган лигатура маҳсулотларини импорт қилишда махсус турдаги товарлар импорти учун лицензия олиш талаби бекор қилинади.
Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган ва заргарлик саноатида ишлатиладиган лигатура маҳсулотлари божхона божидан озод этилади.
Заргарликда фойдаланиладиган асбоб-ускуналарни импорт қилишда божхона божидан озод этилади
“Фармонга кўра, 2024 йил 1 августдан хорижий кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш учун олиб чиқиладиган тайёр заргарлик буюмларини “вақтинча олиб чиқиш” божхона режимига жойлаштиришда йиғим БҲМнинг 1 баравари (340 минг сўм) миқдорида ундирилади”, — дейилади ҳужжат матнида.
2024 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябргача:
белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик соҳасида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотлари божхона божидан озод этилади;
“Uzbek Jewellery Fair” халқаро кўргазма савдоси доирасида Ўзбекистоннинг норезидентлари томонидан республика ҳудудига вақтинча олиб кириладиган ҳамда кейинчалик қайтариб олиб чиқиладиган заргарлик буюмларига нисбатан божхона ҳужжатларини расмийлаштиришда божхона йиғимлари ундирилмайди.
Тайёр заргарлик буюмларига импорт божхона божи камайтирилади
Шу йил 1 ноябрдан чет элда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини, башарти улар бўйича божхона тўловлари амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, сотувга қўйиш ва чакана савдода реализация қилиш ман этилади.
Бунда ушбу тартиб бухгалтерия ҳисоби қонунчилигига мувофиқ 2024 йил 1 сентябргача расмийлаштирилган (кирим қилинган) заргарлик буюмларига нисбатан татбиқ этилмайди.

“Қимматбаҳо металларнинг ҳамда қимматбаҳо металлар билан қопланган металларнинг чиқиндилари ва парчалари лицензия асосида экспорт қилинадиган махсус турдаги товарлар рўйхатига киритилади. Асиллик инспекциясининг хулосаси бўлмаган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш ман этилади”, — дейилган ҳужжатда.

Шунингдек, жисмоний шахсларга оғирлиги 200 граммгача бўлган кумушдан ҳамда 65 граммгача бўлган олтин ва бошқа қимматбаҳо металлардан ясалган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, ушбу миқдорлардан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади.
2027 йил 1 январгача Ўзбекистонга олиб кириладиган тайёр заргарлик буюмларига нисбатан импорт божхона божлари 20 фоиздан 10 фоизгача камайтирилади.
2025 йил 1 январгача Тошкент шаҳри, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида заргарлик буюмларининг асиллигини тезкор текшириш бўйича хизматларни кўрсатувчи шохобчалар фаолияти йўлга қўйилади.
Янгиликлар лентаси
0