Хавфсиз йўл, бепул хизмат ва ижтимоий карта: ижтимоий ҳимоя соҳаси қандай ўзгаради?

© pexels.com/SHVETS productionИнвалид-предприниматель
Инвалид-предприниматель - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.07.2024
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимоя соҳасидаги қўшимча чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.
ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Ижтимоий ҳимоя соҳасига “ижтимоий карта” тизими жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган ижтимоий ҳимоя соҳасидаги қўшимча чора-тадбирлар тақдимотида маълум қилинди.
Тақдимотда ногиронликни белгилашда рақамлашган тизимга ўтиш таклиф этилди. Унга кўра, бу дастлаб Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида, 2025 йил 1 сентябрга қадар барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилади.
“Эксперт комиссияларига тиббий ҳужжатлар оилавий шифокорлар томонидан электрон юборилади. Баҳолаш Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мослаштирилган мезонлари асосида “Инсон” марказлари ходимлари томонидан амалга оширилади. Ногиронликни белгилаш билан бир вақтда унинг реабилитация дастури ҳамда протезга муҳтожлиги бўйича маълумотлар шакллантирилади”, — дейилади хабарда.
Энди эксперт комиссиялари томонидан касбга, таълимга, спортга тавсия бериш, меҳнатга лаёқатсизликни белгилаш тартиби бекор қилинади. Бундай шахслар иш, спорт ва таълимга индивидуал ёндашув асосида йўналтирилади.
“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг хавфсиз ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун шароитларни кенгайтириш ҳам кўзда тутилмоқда. Шу боис қуриладиган ва таъмирланадиган бинолар бунга мослашганлиги бўйича мажбурий экспертизадан ўтказилади”, — дея қайд этилди хабарда.
“Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” жамғармасининг камида 10 фоиз маблағи ҳар йили чорраҳаларни ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш бўйича қурилиш ва жиҳозлашга йўналтирилади. Тўсиқларсиз муҳит яратилган объектларнинг электрон интерактив харитаси яратилади.
Жамоат транспорти бўйича тендерларда фақатгина ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилган автобуслар иштирок этиши мумкин бўлади.
“Шаҳар жамоат транспортида I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга бепул хизмат кўрсатилади”, — дейилади хабарда.
Ногиронлиги бўлган шахсларни маданий тадбирлар, кўнгилочар томоша ва маросимларга жалб қилиш бўйича амалий чоралар кўрилади.
Тақдимотдаги яна бир таклиф Жаҳон банки иштирокидаги “Инсон” лойиҳаси ҳақида бўлди. Бу лойиҳа аҳолининг заиф қатламларини жамиятга интеграция қилишга қаратилган бўлиб, унинг доирасида 55 та кўпфункцияли ҳудудий хизматлар маркази ташкил этилади ва 20 турдаги ижтимоий хизмат йўлга қўйилади. Тошкент, Фарғона ва Самарқандда 4 та намунали инклюзив касб-ҳунар таълими марказлари ташкил этилади.
Беш минг нафар ходимнинг ижтимоий иш бўйича малакаси оширилади. Мослашувчан ижтимоий хизмат ва ёрдам бўйича норматив-ҳуқуқий база шакллантирилади.
“Соҳадаги яна бир янгилик “ижтимоий карта” тизимининг жорий этилиши бўлади. Бу орқали ижтимоий тўловлар ва субсидиялар, ижтимоий хизматлар ва ёрдамларни тайинлаш, тақдим этиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилади. “Ижтимоий карта” бир вақтнинг ўзида ҳам тўлов воситаси, ҳам эҳтиёжманд тоифага мансублик тасдиғи ҳисобланади”, — деб ёзади матбуот хизмати.
Бу тартиб дастлаб Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида, кейинги йилдан бошқа ҳудудларда жорий этилади. Натижада 72 турдаги ижтимоий хизматлар, 76 турдаги ёрдамлар ва 200 га яқин имтиёзлар ягона электрон тизимга умумлаштирилади. Қоғоз шаклидаги ҳужжатлар бекор қилиниб, вақт ва маблағ тежалади. Соҳа тўлиқ рақамлаштирилиши орқали ҳар бир оиланинг эҳтиёжлари ва имкониятларини акс эттирадиган “ижтимоий-рақамли паспорти” жорий этилади.
Янгиликлар лентаси
0