Ўзбекистон ва Мўғулистон муносабатларини ривожлантиришда ЕОИИ қандай роль ўйнайди?

© Фотохост-агентство РИА Новости / Медиабанкка ўтишЕАЭС-2023. Работа форума
ЕАЭС-2023. Работа форума - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.06.2024
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Ўзбекистон ва Мўғулистон яқин йилларда ҳамкорликни кенгайтириш ва товар айирбошлашни 5-10 баробарга ошириш ниятида. ЕОИИ бу жараёнга қандай ҳисса қўшади – батафсил Sputnik Ўзбекистон материалида.
TOШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух 23-26 июнь кунлари икки томонлама муносабатлар тарихида илк маротаба давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Икки давлат раҳбарлари олий даражада музокаралар ўтказишди, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш режаларини белгилаб олишди.
Охирги беш йилда Ўзбекистон билан Мўғулистон ўртасидаги ташқи савдо ҳажми 7 баравар ошди – 13,8 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистоннинг Мўғулистонга экспорти 6,8 бараварга (10,2 миллион долларгача), импорти эса 6,9 бараварга (3,61 миллион доллар) ошди.
Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух яқин йилларда, биринчи навбатда, харидоргир маҳсулотлар тури ва етказиб бериш ҳажмини кенгайтириш ҳисобига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яна 5-10 баравар оширишга келишиб олдилар. Ушбу режаларни амалга ошириш учун томонлар Имтиёзли савдо шартномасини имзолашга тайёргарлик кўрмоқда, шунингдек, бозорга кириш шартларини ўзаро соддалаштиришни режалаштирмоқда.
Шу жумладан, Улан-Батор ва Тошкентда савдо уйларини очиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Мамлакатлар Қорақалпоғистон, Наманган ва бошқа вилоятларда ҳам чорвачилик мажмуаларини қуриб, гўшт ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни бошлайдилар.
Икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш мақсадида Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилади. Шунингдек, қўшма бизнес-форумларни мунтазам ташкил этиш режалаштирилган. Ҳамкорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва солиққа тортиш тамойиллари тўғрисидаги асосий шартномалар тайёрланмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон президенти геология-қидирув, хомашёни ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳасида саноат кооперацияси бўйича ўрта муддатли дастурни қабул қилиш, бу борада кадрлар тайёрлашни ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.
Томонлар турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир жами 14 та ҳужжатни имзоладилар.
Мўғулистон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Тошкентда Мўғулистон элчихонаси очилди. Ўзбекистон энди Улан-Баторда ўз ваколатхонасини очишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон аввалроқ Улан-Батор ташаббуси билан тузилган денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар халқаро таҳлилий марказини ташкил этиш бўйича кўп томонлама келишувга қўшилиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.
ЕОИИ мамлакатларни бирлаштиради
Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо, Мўғулистон эса бу йил ташкилотга аъзо бўлиш арафасида. Бундан ташқари, ҳар икки давлат Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) кузатувчилари бўлиб, бу кўплаб соҳаларда шериклик алоқаларини ривожлантириш учун катта имкониятлар яратади, қайд этди Sputnik мухбири билан суҳбатда бўлган экспертлар.
Масалан, ЕОИИда эркин савдо зоналарини яратиш бўйича келишув мавжуд бўлиб, бунинг натижасида Иттифоқ мамлакатлари ва ташқи бозордаги ҳамкорлар қулай транспорт-логистика ечимларини жорий қилмоқдалар. 2019 йилда ЕОИИ ўртасидаги худди шундай келишув (ўша пайтда вақтинчалик) ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 бараварга – 2022 йилда 6,2 миллиард долларгача ошириш имконини берди.
Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия университетининг Глобал тадқиқотлар институти илмий директори Александр Ильинскийнинг сўзларига кўра, бугунги кунда иккала давлат ҳам ЕОИИнинг тўлиқ аъзоси бўлмаганига қарамай, улар қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишлари мумкин, чунки улар Россия ва Хитой ўртасида муҳим геостратегик позицияни эгаллайди. Шу боис, унинг фикрича, Иттифоқ доирасидаги ҳамкорлик бу давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий алоқаларини диверсификация қилиш имконини беради.
“Ўзбекистон ва Мўғулистоннинг ЕОИИда кузатувчи сифатида иштирок этиши уларга 180 миллиондан ортиқ аҳолига эга умумий бозорга чиқиш имконини беради. Божхона тарифлари ва Иттифоқ қоидаларини умумийлаштириш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги логистика ва савдони соддалаштириш ҳамда ЕОИИ транспорт-логистика йўлакларини бошқа минтақавий ташаббуслар билан уйғунлаштиришга ёрдам бериши мумкин”, – фикр билдирди эксперт.
Ильинский Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон, Мўғулистон, Хитой ва ЕОИИ давлатларининг самарали транспорт йўналишларини яратишда биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб қилишини ҳам таъкидлайди. Бу амалдаги меъёрий-ҳуқуқий базани уйғунлаштириш, инфратузилмага катта миқдорда сармоя киритиш, шунингдек, божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришни талаб қилади.
Мўғулистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида логистика масаласи ҳам кўтарилган. Раҳбарлар транспорт вазирларига юк ташиш нархини пасайтириш бўйича таклифлар тайёрлашни топширди. Сиёсатшунос ва мустақил эксперт Бахтиёр Алимжоновнинг фикрича, мамлакатлар умумий чегарага эга бўлмагани учун ЕОИИ ва Хитой уларнинг логистикасида муҳим роль ўйнайди.
Унинг фикрича, икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқни ривожлантириш бошқаларга ҳам фойда келтиради.
“Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги савдо қайсидир маънода ЕОИИ ва Хитойнинг ерусти логистикасига боғлиқ. Бундай ҳамкорлик бутун Евроосиё бўйлаб транспорт йўналишларини, шунингдек, "Шимол – Жануб" йўлагини ривожлантиришга хизмат қилади”, — деди Алимжонов.
Россия Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар институти директори, иқтисод фанлари доктори Алексей Зубец ҳам Ўзбекистон-Мўғулистон савдо ҳамкорлигини ЕОИИ ва Хитой билан симбиозда ривожлантиришнинг афзалликларини келтириб ўтди.
“Товарлар, капитал, одамлар ва технологиялар ҳаракати анча арзонлашадиган ягона, божхонасиз, чексиз, тўсиқсиз майдон пайдо бўлди. Ҳамкорлик харажатлари пасаётганлиги сабабли илгари имконсиз бўлган лойиҳалар янада қулайроқ ва амалга ошириш мумкин бўлади”, – дея таъкидлайди эксперт.
Зубецнинг тушунтиришича, бу турли - хомашёни олиш ва қайта ишлаш, Мўғулистон, Ўзбекистон, Евроосиё маконининг бошқа мамлакатларида олинадиган хомашё асосида турли хил маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва бошқа лойиҳалар бўлиши мумкин.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг самарали музокаралари якунида икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.06.2024
Ўзбекистон ва Мўғулистон ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди — имзоланган ҳужжатлар
Янгиликлар лентаси
0