Ўзбекистон айрим хорижликларнинг мамлакатга киришини 5 йилга тақиқламоқчи — улар кимлар?

© Sputnik / Актан ТемиркановТуристическая полиция в Самарканде.
Туристическая полиция в Самарканде. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.06.2024
Oбуна бўлиш
Депутатлар номақбул баёнот берадиган хорижликларнинг Ўзбекистонга киришини тақиқлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.
TOШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга муайян чекловлар жорий қилинмоқда. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
“Қонун лойиҳаси ҳозирги глобаллашув шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш заруратидан келиб чиқади. Қонун лойиҳаси билан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топиш асослари ва тартиби белгиланмоқда”, — дейилади хабарда.
Мазкур шахслар томонидан Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш уларни Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.
“Шунингдек, мазкур тоифадаги чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришишни тақиқлаш таклиф этилмоқда”, — дея қайд этилган хабарда.
Қонун лойиҳасида мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби ҳам назарда тутилган.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлатлараро, миллатлараро, динлараро аҳиллик, тотувликни ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихи ҳурмат қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.
Янгиликлар лентаси
0