Электромобилни хонадонда қувватлашни рағбатлантирадиган тунги тариф жорий қилинади

© Энергетика вазирлиги Электромобилларни тезкор зарядлаш станцияси
Электромобилларни тезкор зарядлаш станцияси  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.06.2024
Oбуна бўлиш
Кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофида 22 киловаттгача, хонадонда 7 киловаттгача зарядлаш станцияси ўрнатиш мумкин бўлади.
TOШКЕНТ, 11 июн — Sputnik. Эндиликда электромобилни хонадонда қувватлашни рағбатлантирадиган тунги тариф жорий қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев раислигида энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда энергетиканинг ресурс базасини мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Барча генерация манбалари ҳисобидан жорий йилда 4 гигаваттлик электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилган. Бундан ташқари, 850 километр магистрал тармоқ ва 9 та подстанцияни капитал таъмирлаш, 595 километр электр тармоғи ва 4 та янги подстанцияни ишга тушириш режалари белгилаб олинди.
Иссиқлик электр станциялари барқарор ишлаши, аҳоли ва ижтимоий соҳа эҳтиёжлари учун жорий йилда кўмир қазиб чиқариш ҳажмини янада ошириш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, мазут ва кўмир икки йилга бож тўловларидан озод қилиниши, кўмир импорти учун уч йил муддатга револьвер кредитлар берилиши белгиланди.
“Октябрь-декабрь ойларида истеъмолчиларга 163 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш топширилди. Шунингдек, вилоят ҳокимларига 300 дан зиёд олис маҳалла учун кўмир, суюлтирилган газ ва асосий турдаги озиқ-овқат захирасини яратишга топшириқ берилди”, — дейилади хабарда.
Куз-қиш мавсумида аҳолини иссиқлик ва ичимлик суви билан кафолатли таъминлаш учун қозонхона ва иссиқлик тармоқларини яхшилаш, сув тармоқлари ва насосларни таъмирлаш вазифалари белгилаб олинди.
Йиғилиш давомида тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Қайд этилишича, электромобиллар сони охирги уч йилда 10 карра ошиб, 35 мингтага етди. Жиззахда электромобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
Шу муносабат билан электр тизимини ривожлантиришда янги зарядлаш қувватларини ҳисобга олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
“Эндиликда электромобилни хонадонда қувватлашни рағбатлантирадиган тунги тариф жорий қилинади. Қувватлаш ускунасига ҳисоблагич ўрнатган аҳолига тунги вақтда қувватлаганлик учун арзон тариф қўлланади”, — дея қайд этилган хабарда.
Шунингдек, кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофида 22 киловаттгача, хонадонда 7 киловаттгача зарядлаш станцияси ўрнатиш мумкин бўлади. Давлат ташкилотлари, савдо маркази, меҳмонхона ва дам олиш масканлари автотураргоҳида қувватлаш станцияси ўрнатилади.
Янгиликлар лентаси
0