ОТМларга ўқишга қабул қилишда қандай ўзгаришлар бўлади — президент фармони
© Sputnik/Рамиз БахтияровАбитуриенты во время вступительных экзаменов в вузы Узбекистана
© Sputnik/Рамиз Бахтияров
Oбуна бўлиш
2024/2025 ўқув йилидан ОТМлари талабаларига давлат гранти ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ва таълим гранти шаклида ажратилади.
ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Ўзбекистонда ОТМларга ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизими такомиллаштирилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм канали хабар берди.
“Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2024/2025 ўқув йили қабулидан:
давлат буюртмаси параметрларини давлат ОТМлари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кундузги таълим шаклида тасдиқлаш тартиби жорий этилади;
давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳаларига устуворлик берилади;
давлат ОТМлари учун ўрнатилган тартиб ва шартлар бўйича талабалар қабулини амалга оширувчи ОТМларига давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этишга рухсат этилади;
давлат гранти квоталарининг ОТМлар кесимида тақсимоти тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг танлови ва тўплаган балларига кўра амалга оширилади.
2024/2025 ўқув йилидан ҳар бир таълим йўналиши бўйича ОТМнинг умумий қабул параметрига нисбатан давлат гранти квотасининг улуши таълим соҳалари (бакалавриат таълим йўналишлари) кесимида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади. 2025 йилдан давлат буюртмаси параметрлари олий маълумотли кадрларга бўлган талаб прогнозига мувофиқ равишда 4 йиллик давр учун тасдиқланади.
Фармонга кўра, 2024/2025 ўқув йилидан ОТМлари талабаларига давлат гранти ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ва таълим гранти шаклида ажратилади. 2024/2025 ўқув йилидан бакалавриат ва магистратурага қабул қилинган талабаларга таълим гранти бир ўқув йили учун ажратилади.
Бунда:
таълим гранти биринчи курсда ОТМларга ажратилган давлат буюртмаси квотасига мувофиқ кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган талабаларга ажратилади;
таълим гранти иккинчи ва ундан кейинги курсларда юқори академик рейтинг кўрсаткичларига эришган ва ижтимоий фаол талабалар орасида ОТМлар томонидан табақалаштирилган тартибда қайта тақсимланади;
таълим гранти табақалаштирилган тартибда молиялаштирилади ва стипендия фақат тўлиқ таълим грантини ютган талабаларга тўланади;
ижтимоий-рағбатлантирувчи грант соҳиби бўлган талабаларга давлат гранти уларнинг ўқиш даври учун тўлиқ ҳажмда тақдим этилади;
таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тамомлаганларидан сўнг камида 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади.