Ҳеч қачон орзу қилишдан тўхтаманг — Мирзиёев мактаб битирувчиларини табриклади

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.05.2024
Oбуна бўлиш
Мирзиёев ўқишни олтин ва кумуш медаллар билан тамомлаётган юзлаб ўғил-қизлар борлигини таъкидлади.
ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларини табриклади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Қадрли фарзандларим! Бугун ўз билим ва истеъдоди, куч-ғайратини Янги Ўзбекистон бунёдкори, жонажон юртимизга муносиб фарзанд бўлишдек эзгу мақсадга бахш этишга бел боғлаган сизлар каби навқирон ёшларни мактаб таълимини муваффақиятли тугатаётганингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман”, - дейилади табрикда.
Мирзиёев ўқишни олтин ва кумуш медаллар билан тамомлаётган юзлаб ўғил-қизлар борлигини таъкидлаган.
“Ҳаётда юксак марраларни кўзлаб турган бундай серғайрат ва билимдон фарзандларимизни юртимиздаги миллионлаб ўғил-қизларимизга ўрнак қилиб кўрсатсак, арзийди. Мамлакатимизда навқирон авлод вакилларини ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга жуда катта эътибор қаратилмоқда”, - дейди президент.
Президентга кўра, давлатнинг эртанги тақдири, унинг равнақи ва тараққиёти ёшларнинг қўлида.
“Ҳеч қачон орзу қилишдан тўхтаманг, катта мақсадлар йўлида имкониятларингизни синаб кўришдан, бу йўлда хато қилиш ва улардан сабоқ олишдан қўрқманг. Чунки халқимиз сизларга катта умид ва ишонч билан қарамоқда. Сизларнинг янги ғоя ва ташаббусларингиз, иштиёқингиз ва кучингиз нафақат Ўзбекистонни, балки бутун дунёни ўзгартириши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз олдингизга қўйган эзгу мақсадингиздан ортга чекинманг”, - дейилган табрикда.
Таъкидланишича, ҳаётда юксак натижаларга эришиш учун тинимсиз ҳаракат, шижоат ва жасорат талаб этилади.
“Сизларнинг чуқур билим олиш, замонавий касб-ҳунарларни ўрганиш орқали Ватанимизга муносиб фарзандлар бўлиб етишишингиз ва унинг тақдири учун масъулиятни зиммангизга олишингизга ишонаман. Бу шарафли йўлда барчангизга бахт ва омад доимо ёр бўлишини тилайман”, - дейилган табрикда.
Янгиликлар лентаси
0