Энди аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммолари аниқланиб, бартараф этилади

© Sputnik / Актан ТемиркановПовседневная жизнь в Самарканде.
Повседневная жизнь в Самарканде. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.05.2024
Oбуна бўлиш
Адлия органлари фаолиятини ҳудудларда самарали ташкил этиш ҳамда ҳуқуқий хизматлар қамровини янада ошириш мақсадида туман (шаҳар) адлия бўлимларига қўшимча вазифалар юклатилди.
ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Ўзбекистонда аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммолари аниқланади, таҳлил қилинади ва бартараф этилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм канали хабар берди.
“Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, қуйидагилар адлия органларининг қўшимча фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўриб бориш;
жойларда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириб бориш;
давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш.
Фармонга кўра, Адлия органлари фаолиятини ҳудудларда самарали ташкил этиш ҳамда ҳуқуқий хизматлар қамровини янада ошириш мақсадида туман (шаҳар) адлия бўлимларига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган долзарб муаммоларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда “Адлия куни” тадбирларини ўтказиш.
Бунда олис ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳар ойда камида икки маротаба сайёр давлат хизматларини кўрсатиб бориш;
уйма-уй юриш ва “Ҳуқуқий кўмак” акцияларини ўтказиш орқали фуқаролар кундалик ҳаётида аниқланадиган ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
“маҳалла еттилиги”га қонунчилик ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини оддий ва халқчил тилда етказиш, шунингдек улар томонидан “Online-mahalla” платформасига киритилган аҳолининг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларини ҳал этиб бориш;
аҳолига, авваламбор “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш;
ёшлар, хотин-қизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни, шунингдек тадбиркорлик субъектларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар, преференциялар, субсидиялар, грантлар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турлари ҳамда улардан фойдаланиш тартиби ҳақида хабардор қилиш;
давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш.
Янгиликлар лентаси
0