Aҳоли ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминланади — президент фармони

© Косон тумани ҳокимлигикўп қаватли уйлар
кўп қаватли уйлар - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.05.2024
Oбуна бўлиш
Ипотека кредитларини молиялаштиришга камида 17 триллион сўм маблағ йўналтирилади.
ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. “2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм канали хабар берди.
Фармонга кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида қуйидагилар амалга оширилади:
ҳудудларда 100 мингта квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилади;
қурилиш ташкилотларига бозор тамойиллари асосида ажратилган кредитлар бўйича компенсация ва кафилликлар тақдим этилади;
кўп қаватли уй-жойлар қуриш жараёнларига “яшил” уй-жой стандартлари жорий қилинади;
ипотека кредитларини молиялаштиришга камида 17 триллион сўм маблағ йўналтирилади;
камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 120 миллион сўмгача ипотека кредитлари ажратилади;
банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитларини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириш механизмларидан кенг фойдаланилади.
Фармонга кўра, 2024 йил 1 июндан “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий этилади.
Бунда:
ипотека кредитлари 120 миллион сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставкада якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун ажратилади;
ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун – ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун – кредит муддатининг биринчи 5 йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.
Янгиликлар лентаси
0