Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон энергия тизимларини бирлаштиришга келишиб олди

© Министерство энергетики республики УзбекистанТошкентда Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон энергетика вазирларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди
Тошкентда Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон энергетика вазирларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 02.05.2024
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон Қозоғистон Озарбайжон энергетика вазирлари энергетика тизимларини ўзаро боғлаш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолашди.
ТОШКЕНТ, 2 май — Sputnik. Тошкентда Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон энергетика вазирларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар берди Энергетика вазирлиги.
Тадбирда Ўзбекистон энергетика вазири, инвестициялар, саноат ва савдо вазири, Қозоғистон ва Озарбайжон энергетика вазирлари, Озарбайжон иқтисодиёт вазири ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар, халқаро молия институтлари вакиллари иштирок этди.
Унда “Ўзбекистон - Қозоғистон - Озарбайжон энергетика тизимларини ўзаро боғлаш лойиҳаси (“Яшил йўлак”)” тақдимоти ўтказилди.
“Анжуманда Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика тармоқларини ўзаро боғлаш орқали минтақада ишлаб чиқарилган яшил энергияни Европага экспорт қилиш лойиҳасини дастлабки техник-иқтисодий асослантиришнинг техник шартларини тасдиқлаш, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ўрганиб чиқиш учун халқаро консултантларни ёллаш масалаларини кўриб чиқиш, лойиҳа юзасидан давлатлараро битим лойиҳасини тайёрлаш сингари ва бошқа масалалар муҳокама қилинди”, — дейилади хабарда.
Тадбир сўнгида Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика вазирликлари раҳбарлари энергетика тизимларини ўзаро боғлаш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолашди.
Имзоланган меморандумдан мақсад Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон энергетика тизимларини ўзаро боғлаш лойиҳаси доирасидаги ҳамкорликнинг асосий шартларини белгилашдан иборат.
Ҳужжатда иштирокчилар Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистондан яшил энергия савдосининг техник ва иқтисодий нуқтаи назаридан энг мақбулини амалга ошириш учун Каспий денгизи туби ва бошқа мамлакатлар ҳудудида юқори волтли кабель ётқизиш орқали энергия тизимларини улаш имкониятларини ўрганиш назарда тутилган.
Қозоғистон энергетика вазирининг қайд этишича, аввалроқ Каспий денгизи туби бўйлаб чуқур денгиз кабелини ётқизиш бўйича техник шартлар лойиҳаси ишлаб чиқилган.
“Техник топшириқлар доирасида халқаро узатиш йўлакларини ривожлантириш (молиялаштириш, даромадлар оқими ва мулкчилик) ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларига яшил энергияни сотиш бўйича таклиф этилаётган бизнес модели ишлаб чиқилади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, уч мамлакат энергетика вазирликлари ўртасида Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика тизимларини ўзаро боғлаш бўйича ҳамкорлик меморандуми лойиҳаси ишлаб чиқилди”, — деди вазир.
Қозоғистон Энергетика вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, бугунги кунда ушбу лойиҳани амалга оширишнинг асосий ёндашувлари муҳокама қилинган ва келишилган ҳамда Қозоғистон департаменти келгусида тўлақонли ҳамкорлик қилишга тўлиқ тайёр.
Янгиликлар лентаси
0