"Бу эл-юртимизнинг неча йиллик буюк орзуси эди" — Мирзиёев футболчиларни табриклади
10:00 30.04.2024 (янгиланди: 10:47 30.04.2024)
© Пресс-служба президента Узбекистана Шавкат Мирзиёев посетил строящийся в Юкоричирчикском районе Центр сборных команд по футболу.
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига табрик йўллади.
ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Ишончим комилки, сизлар финал беллашувида “Осиё чемпиони” деган шарафли ном учун муносиб кураш олиб борасиз. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига йўллаган табригида маълум қилди.
“Шу кунларда Қатар давлатида футбол бўйича ёшлар ўртасида бўлиб ўтаётган Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этиб, бирйўла финал йўлланмаси ҳамда шу йил ёзда Парижда ўтказиладиган Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман”, — дейилади табрик матнида.
Қайд этилишича, эришган бу тарихий ғалаба замирида мамлакатда спорт соҳасини, жумладан, футболни ривожлантиришга берилаётган улкан эътибор ва амалга оширилаётган кенг кўламли амалий ишлар мужассам.
"Жонажон Ўзбекистонимизнинг футбол тарихида биринчи марта эришилган бундай ёрқин ғалабани, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиздаги барча спорт мухлислари, кўпмиллатли бутун халқимиз чексиз қувонч ва ғурур билан кутиб олди. Зеро, бу эл-юртимизнинг неча йиллик буюк орзуси эди. Бу орзуни амалга ошириш айнан сизларга – Янги Ўзбекистоннинг навқирон фарзандларига насиб этгани билан ҳар қанча фахрлансангиз, арзийди", — дейилган табрик матнида.
Президентнинг сўзларига кўра, Осиё қитъасидаги энг кучли жамоалар билан қизғин курашлар остида бўлиб ўтган 5 та ўйинда ҳам жамоа дарвозасини дахлсиз сақлаб, рақиблар дарвозасига 14 та жавобсиз тўп киритилгани ҳам футбол тарихида мисли кўрилмаган натижадир.
“Ишончим комилки, сизлар бу ютуқдан янада руҳланиб, финал беллашувида “Осиё чемпиони” деган шарафли ном учун муносиб кураш олиб борасиз. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга, сизларнинг меҳрибон ота-оналарингиз, устоз-мураббийларингизга ҳам чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман. Бутун Ўзбекистон халқи сизларга ҳамиша бахт ва омадлар, порлоқ ғалабалар тилайди, азиз болаларим!”, — дея қайд этган Мирзиёев.