Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Путинга ҳамдардлик билдирди
© POOL / Медиабанкка ўтишПрезидент РФ В. Путин встретился с генеральным директором "Роскосмоса" Ю. Борисовым
© POOL
/ Oбуна бўлиш
Сўнгги маълумотларга кўра, камида 60 киши ҳалок бўлган, бироқ бу рақам ўсиши мумкин.
ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Красногорскдаги теракт муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
“Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Россия Федерацияси президенти Владимир Путинга Красногорск шаҳридаги "Крокус сити холл" концерт залида юз берган қуролли ҳужум ва портлаш оқибатида кўплаб қурбонлар ва жароҳатланишлар муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди”, - дейилади хабарда.
Бердимуҳамедовга кўра, “Туркманистон терроризм ва экстремизмнинг ҳар қандай кўринишларини кескин қоралар экан, жаҳон ҳамжамиятининг ушбу иллатга қарши курашиш ва унга барҳам бериш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди”.
“Крокус сити холл”даги теракт муносабати билан Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Россия президенти Владимир Путинга ҳамдардлик телеграммаси йўллаб, унда ушбу ғайриинсоний зўравонлик ҳаракатини кескин қоралади.
“Крокус сити холл” мажмуасида кўплаб россиялик фуқароларнинг ўлими ва жароҳатланишига сабаб бўлган шафқатсиз террорчилик ҳужуми ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик ва оқлашга ҳеч қандай асос бўлмаган ушбу ғайриинсоний ҳаракатни кескин қоралаймиз”, — дейилади телеграммада.
“Ушбу қайғули соатларда сизга, қурбонларнинг қариндошлари ва яқинларига ҳамда барча дўст Россия халқига самимий ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш сўзларимизни билдираман. Барча жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайман”, - деб ёзади Раҳмон.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Владимир Путинга Москвадаги "Крокус сити холл" концерт залида содир бўлган фожиа оқибатида ўнлаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан таъзия йўллади.
Мактубда Ўзбекистон тинч аҳолига қарши қаратилган бу террорчилик ҳаракатини қатъий қоралаши билдирилган. Давлат раҳбари вафот этганларнинг яқинларига бардамлик, барча жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Россия президенти Владимир Путинга теракт қурбонлари кўплиги муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Унинг сўзларига кўра, террорчиликни оқлаб бўлмайди ва у БМТга аъзо давлатларни бегуноҳ фуқароларга нисбатан зўравонликларнинг бундай турига бир овоздан қаршилик кўрсатишга чақиради.
Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам терактни кескин қоралади ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.
22 март куни кечқурун Москвадаги “Крокус сити холл” концерт залига теракт уюштирилди. Сўнгги маълумотларга кўра, камида 60 киши ҳалок бўлган, бироқ бу рақам ўсиши мумкин. Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашконинг айтишича, 115 киши касалхонага ётқизилган, улардан беш нафари болалар, 60 нафари катталар ва бир нафар чақалоқ – унинг аҳволи оғир. Теракт юзасидан жиноий иш очилган.