Мирзиёев Сирдарёда: мутасаддиларга қандай топшириқлар берди?
18:00 14.03.2024 (янгиланди: 18:12 14.03.2024)
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Сайхунободда экспортга кўмаклашувчи корхона очилиб, уставига 1 миллиард сўм киритилади.
ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Бугун президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига ташриф буюриб, аҳолининг яшаш шароитлари билан танишади, деб ёзмоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
“Давлатимиз раҳбари нега айнан шу туманга келганини изоҳлади. Сайхунобод аҳолиси яхши яшашга, даромадли бўлишга, болаларини ўқитишга интилаётгани, лекин тумандаги оғир иқтисодий аҳвол бунга тўсқинлик қилаётгани қайд этилди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, Сайхунобод тумани ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, ўрнига замонавий раҳбарлар қўйилди.
Сайхунободда 17 мингта хонадонда томорқани ишга солиш, кичик саноат ва хизматларни йўлга қўйиш орқали, аҳолини даромадли қилиш вазифаси қўйилди.
“Масъуллар 19 та маҳалла ва 794 та кўчани номма-ном бўлиб олиб, бу йил тадбиркорлик учун бериладиган 200 миллиард сўм ҳисобидан уларни ҳар бирига техник иқтисодий асос ишлаб чиқади”, — дейилади хабарда.
Бунда, маҳаллани “драйвер” йўналишидан келиб чиқиб, тумандаги 17 мингта хонадон кесимида томорқада қанча, саноатда қанча, савдо ва хизматларда қанча аҳоли банд бўлиши аниқ кўрсатилади.
Сайхунободда илк бор янги тажриба қилиниб, 19 та маҳаллани ҳар бирига 1 тадан мини трактор, 4 тадан мото-культиватор олиб берилди.
Эндиликда ҳар бир маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси “1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад” деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқади. Маҳалладаги агрономлар билан бирга олиб берилган техникалар ҳисобидан томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматларини кўрсатади.
© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Шавкат Мирзиёев для ознакомления с условиями жизни населения 14 марта отбыл в Сырдарьинскую область.
Президент Шавкат Мирзиёев для ознакомления с условиями жизни населения 14 марта отбыл в Сырдарьинскую область.
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Сайхунобод тажрибаси бутун республикада оммалаштиради”, — дея қўшимча қилинди хабарда.
Айтилишича, сотиб олиш тизимини йўлга қўйиш Сайхунободда ҳам, бошқа туманларда ҳам энг асосий масала. Шу мақсадда туманда экспортга кўмаклашувчи корхона очилиб, уставига 1 миллиард сўм киритилади.
Бу корхона 4 минг хонадонга серҳосил қовоқ, мош, ловия, розмарин, брокколи, тимьян уруғини етказади, етиштирилган маҳсулотни сотиб олиб, экспорт қилади.
Туманда қуйидагилар амалга оширилади:
маҳаллада сотиб олишни йўлга қўйган экспортчи, илғор тадбиркорларга 300 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача грант берилади;
тумандаги 19 та маҳалланинг ҳар бирида истаги бор аҳолига намунавий интенсив боғ қилиб берилади;
хонадонлар кооперация асосида эскпортчи билан боғлаб берилади, 2 минг тонналик сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш комплекси ташкил этилади;
тумандаги 98 километр каналлар ва дренаж тармоқлари атрофидаги 100 гектар бўш ерлар кооперация асосида 500 та хонадонга терак экиш учун бўлиб берилади;
туманда 4 та йирик паррандачилик фермаси ишга туширилади ва 2 минг хонадон билан кооперация йўлга қўйилади.
“Парранда корхоналари 2 мингта хонадонга 500 тадан 2 мингтагача жўжа тарқатиб, хонадонда саноат усулида йилига ўртача 6 марта маҳсулот олишни ташкил қилади. Улар озуқани ҳам ўзи етказади, боқишни ҳам ўргатади, парваришига ҳам кўмаклашади. Натижада хонадонларда йилига 10 миллион парранда боқилиб, шуни ўзидан туманда йилига қўшимча 22 минг тонна парранда гўшти етиштирилади”, — дейилади хабарда.
Сирдарё дарёсининг 19 километри “Ўрикзор” ва “Янгиҳаёт” маҳаллаларидан оқиб ўтади. Туманда 125 гектар табиий, 580 гектар сунъий сув ҳавзаси бўлсада, имкониятлар тўлиқ ишга солинмаяпти. Шу муносабат билан “Ўрикзор” ва “Янгиҳаёт” маҳаллаларидаги 500 та хонадонга бассейн қуриб, балиқчилик билан шуғулланишга кўмаклашилади.
© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Шавкат Мирзиёев для ознакомления с условиями жизни населения 14 марта отбыл в Сырдарьинскую область.
Президент Шавкат Мирзиёев для ознакомления с условиями жизни населения 14 марта отбыл в Сырдарьинскую область.
© Пресс-служба президента Узбекистана
Самарасиз 200 гектар сунъий сув ҳавзалари 300 та хонадонга балиқ етиштириш учун бўлиб берилади. Бунга 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.
Тумандаги хонадонларнинг ярмида чорва боқилади. “Дўстлик” маҳалласида 50 дан ортиқ одам чорвани янада кўпайтириш ниятида, лекин уларга озуқага ер бериш, кредит олишда ёрдам берилмаяпти. Туманда ҳозир ташландиқ ётган 400 гектар ер бўлсада, бу ерлар шундай хоҳиши бор одамларга берилмаган.
Эндиликда оилавий тадбиркорлик дастури доирасида қорамол, қўй ва эчки олиш учун 33 миллион сўм имтиёзли кредит гаровсиз, нақд пулда берилади. Бу орқали тумандаги 1,5 минг хонадонга чорвани кўпайтириш учун шароит яратилади.
Қайд этилган 400 гектарни 800 та хонадонга бўлиб бериш топширилди.
Туманда кунига ўртача 300 тонна сут олиниб, аҳоли томонидан бошқа туманларга бориб сотилаяпти. Шу муносабат билан Хоразм тажрибаси асосида “Синтоб”, “Пахтаобод”, “Олға бос”, “Дўстлик” маҳаллаларида сутни йиғиш шохобчаларини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, “Олға бос” маҳалласида кунига 3-4 тонна сутни қайта ишлаш цехи фойдаланишга топширилади.
Тумандаги бир неча йиллардан буён бўш турган 21 та объектга инвесторларни жалб қилишнинг янги механизми жорий этилади. Камида 100 миллион долларлик саноат лойиҳалари бошланиб, “Фаровон” маҳалласида узоқ вақт ташландиқ бўлиб турган 35 гектар майдонда кичик саноат зонаси ташкил қилинади.
© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Шавкат Мирзиёев для ознакомления с условиями жизни населения 14 марта отбыл в Сырдарьинскую область.
Президент Шавкат Мирзиёев для ознакомления с условиями жизни населения 14 марта отбыл в Сырдарьинскую область.
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Туманда тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилашга 60 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди. Мутасаддиларга тадбиркорларнинг инфратузилма билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди”, — дейилади хабарда.
Сайхунобод ҳудудидан ўтган А-373 автомобиль йўлидан ҳар куни 20 мингдан зиёд автомобиль ўтади. Бу имкониятни ишга солиш учун “Ўрикзор”, “Гулистон”, “Нурли йўл”, “Бахмалсой”, “Фаровон” маҳаллаларидаги 9 гектар майдонда 40 та хизмат кўрсатиш объекти, 1 та меҳмонхона ва 1 та логистика маркази ишга туширилади.
Айтилишича, Сайхунободда ҳозирни ўзида 1 мингга яқин аҳолида уй-жой олиш истаги бор.
“Турон” маҳалласидаги собиқ машина-трактор паркига тегишли бўш ерда 10 та кўп қаватли уй қурилишини бошлашга кўрсатма берилди. Бу уйларда яшайдиган аҳоли учун 180 ўринли янги боғча ва 35-мактабда 330 ўринли қўшимча ўқув блоки барпо этилади. Шу ерни ўзида иш ўрни яратиш учун тикувчилик корхоналари ташкил қилинади.
Сайхунободда ҳам яширин иқтисодиётни “соя”дан чиқариш ва иш ўринларини расмийлаштириш бўйича ишларни фаоллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Бунда, маҳалла ҳудудидаги тадбиркорлар "соя"дан чиқиб, расмий иш ўрнини кўпайтирса, даромад солиғидан қўшимча тушумнинг 50 фоизи ўша маҳалла ихтиёрида қолади. Тумандаги мол-мулк ва ер солиқларининг 10 фоизи ҳам маҳалла бюджетида қолади.
"Сайхунобод мисолида оилаларни даромадли қилиш, инвестиция жалб қилиш бўйича янги тизимни республиканинг барча 9 минг 452 та маҳалласида йўлга қўйиш юзасидан иқтисодий комплекс раҳбарларига, банклар, ҳокимлар ва уларни биринчи ўринбосарларига аниқ топшириқлар берилди", — дея қўшимча қилинган хабарда.
Бу ишлар қандай ташкил қилинаётганига қараб, ушбу раҳбарлар фаолиятига баҳо берилиши қайд этилди.