Марказий банк асосий ставкани йиллик 14% даражасида ўзгаришсиз қолдирди
© Sputnik / Зафар ХалиловТашкент. Центральный банк Узбекистана
© Sputnik / Зафар Халилов
Oбуна бўлиш
Маказий банк: Меҳнат бозорида юқори фаоллик ва ишчи кучига талабнинг ошиши кузатилмоқда.
ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолди.
“Марказий банк бошқаруви иқтисодиётда талаб ва таклиф мутаносиблигига эришиш бўйича ноаниқликлар ва инфляцияни оширувчи кутилмаларнинг сақланиб қолаётганлигини инобатга олиб ҳамда инфляциянинг 5 фоизлик таргетигача пасайтириш учун зарур пул-кредит шароитларини таъминлаш мақсадида асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, умумий инфляция йил бошидан пасайиб, февраль ойида 8,3 фоизни ташкил этди. Бироқ, сўнгги ойларда юқори талаб ва бир қатор тартибга солинадиган нарх ва тарифларнинг ошиши фонида хизматлар инфляцияси тезлашиши кузатилди.
Бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари деярли ўзгаришсиз, юқорилигича қолмоқда.
“Жорий йил охирига инфляция 8-9 фоизлик прогноз диапазони доирасида шаклланиши кутилмоқда. Прогноз даврида тартибга солинадиган нархлар ўзгариши ва уларнинг инфляцион кутилмаларга таъсири бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда”, — дея қайд этилган хабарда.
Дастлабки маълумотларга кўра, асосий ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ўтган йилнинг январь-февраль ойларига нисбатан юқори суръатларда ўсди. Шунингдек, айрим тармоқларда, хусусан йил бошидан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш динамикасининг сустлашиши қисқа муддатли истиқболда ички бозорда талаб ва таклиф номутаносиблигини келтириб чиқариши ёки импортга қўшимча босимни яратиши мумкин.
“Умуман олганда, биринчи чорак якунлари бўйича иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари нисбатан юқорироқ шаклланиши, кейинги чоракларда эса базавий прогноз доирасида 5,5-6 фоиз бўлиши борасидаги кутилмаларни кучайтирмоқда”, дея аниқлик киритилган хабарда.
Айтилишича, ўтган йилги ва жорий йил бошидаги юқори фискал харажатлар келгуси чоракларда ялпи истеъмол фаоллигини қўллаб-қувватловчи асосий драйверлардан бўлади.
“Айни пайтда, трансчегаравий пул ўтказмаларининг ўтган йилги кўрсаткичлар доирасида шаклланаётганлиги ҳамда аҳоли реал даромадларининг жорий ўсиш суръатлари келгусида истеъмол талабига қўшимча проинфляцион босим яратмайди”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Меҳнат бозорида юқори фаоллик ва ишчи кучига талабнинг ошиши кузатилмоқда. Ишчи кучига талабнинг асосий ўсиши хизматлар соҳасига тўғри келиб, ушбу соҳада иш ҳақиларнинг юқори шаклланишга ҳам олиб келмоқда. Айни пайтда, хизматлар соҳасида нархлар ва даромадларнинг мунтазам ошиши шароитида иқтисодиётда мазкур соҳаларга инвестициялар ҳажми ва жорий истеъмол харажатларидаги улуши ортиб боради.
Таъкидланишича, импорт динамикасида машина ва ускуналар, энергетика ва нефть маҳсулотлари, қора металлар импортининг юқори ўсиши давом этиши бир томондан келгусида ишлаб чиқариш ҳажмлари ошишига замин яратса, иккинчи томондан савдо баланси тақчиллигининг сақланиб қолишини ҳам билдиради.
Қайд этилишича, нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари кейинги чоракларда ҳам сақланиб қолади. Банклараро пул бозорида йил бошидан юқори фаоллик ва пул-кредит инструментларидан фойдаланиш ҳажмининг ортиб бориши фонида UZONIA фоиз ставкаси асосий ставкага яқин даражада шаклланиб боради.
Жамғариш фаоллиги ошишда давом этиб, бу хусусан, миллий валютадаги депозитлар ҳажми ўсишида намоён бўлади. Умуман олганда, депозитларнинг йиллик ўсиш суръатлари кредитлаш ҳажмининг ўсишидан сезиларли даражада юқори бўлиши кутилмоқда.
Миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларида сўнгги ойларда сезиларли ўзгариш кузатилмади.
Айни пайтда, пул-кредит сиёсати операцион механизмига киритилган сўнгги ўзгартиришлар қисқа муддатли пуллар нархини пасайтириш орқали келгусида кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг ҳам пасайишига замин яратиб боради.
Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган изчил пул-кредит сиёсатини амалга оширишда давом этади.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 25 апрелга белгиланган.