Шавкат Мирзиёев БАА президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.03.2024
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда Амирликлар сармояси иштирокида 300 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард доллардан ошди.
ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Давлат раҳбари БАА президентининг таваллуд куни билан дилдан қутлаб, унга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, фаолиятида катта муваффақиятлар, дўст Амирликлар халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Икки мамлакат етакчилари бутун мусулмон олами учун муқаддас бўлган муборак Рамазон ойининг бошлангани билан ҳам бир-бирини самимий табриклашди.
“Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик бугунги кунда юксак даражага чиққани катта мамнуният билан қайд этилди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, 2023 йил якунига кўра ўзаро савдо ҳажми 20 фоизга ошди. Ўзбекистонда Амирликлар сармояси иштирокида 300 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард доллардан ошди. Бундан ташқари, юқори технологиялар, энергетика, геология, қишлоқ хўжалиги, туризм, IT, инфратузилма, логистика ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Томонлар амалий ҳамкорликни барча йўналишларда фаоллаштиришга тайёр эканини тасдиқлашди. Бўлажак олий даражадаги учрашувларнинг кун тартибини пухта тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.
Янгиликлар лентаси
0