Президент Хоразм вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бағишланган мажлис ўтказди
15:23 01.03.2024 (янгиланди: 18:18 01.03.2024)
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев провел совещание по социально-экономическому развитию Хорезмской области
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Хоразмда режалаштирилаётган тадбирларга 1,1 миллиард доллар ва 10 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган.
ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Айни дамда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилиш ўтказмоқда.
Йиғилишда бизнесни қўллаб-қувватлаш, туризм, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда режалаштирилган ишлар айтиб ўтилди.
Бизнесни қўллаб-қувватлаш
Хоразмда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли шартларда 100 миллион доллар ажратилиши белгиланди. Бунинг ҳисобидан 5,5 минг тадбиркорга кўмак берилиб, 50 мингта доимий иш ўрни яратилади.
Амударёда янги кўприк қурилиши аҳолининг 2 соат вақтини тежайди, темир йўлда юк ташиш харажатларини 1 та вагон учун 600 минг сўмга арзонлаштиради.
Хоразмда қиймати 10 миллиард доллардан зиёд йирик газ-кимё мажмуаси лойиҳаси дунёнинг энг илғор компаниялари билан муҳокама қилинмоқда.
Саноатни ривожлантириш жамғармасидан Хоразмга 100 миллион доллари ажратилади.
Урганч тумани “Чакка-шоликор” қишлоғида йил якунига қадар электротехника, тўқимачилик ва қурилиш материаллари соҳасида 100 миллион долларлик лойиҳаларни ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Тадбиркорликни ривожлантириш
Хоразм тадбиркорлари учун импорт ускуналар, эҳтиёт қисм ва хомашё 5 йилга божхона тўловидан озод қилинади, қўшилган қиймат солиғини 180 кунга кечиктириб тўлашга рухсат берилади.
Маҳаллийлаштириш лойиҳаларига олинган кредит фоизининг 10 фоиз банди қоплаб берилади, давлат мулки ва ер участкаларини хусусийлаштиришда 5 йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Сотилган кўчмас мулк учун тўлов 3 ойда амалга оширилганда 25 фоиз чегирма берилади.
Экспортчиларга бошқа вилоятдан хомашё етказиб бериш учун йўл харажатларини 50 фоизи қоплаб берилади.
Ҳазорасп эркин иқтисодий зонасида хитойлик инвесторлар билан лак-бўёқ, шиша маҳсулоти ва электротехника йўналишида 300 миллион долларлик 4 та лойиҳа жойлаштирилади.
Урганч шаҳридаги “Ал-Хоразмий” мажмуасида саноат бинолари қурилиб, тадбиркорларга “тайёр ҳолда” топширилади.
10 миллион доллардан кўп экспорт қилган тўқимачилик корхоналарига айланма учун 5 миллион долларгача кредит берилади.
Урганч шаҳридаги Махсус тиббиёт индустриал паркига 50 миллион долларлик 12 та лойиҳа жойлаштирилади.
Хитой тажрибаси асосида “уй саноати” ривожлантирилади. Масалан, Боғот, Янгиариқ, Янгибозор, Қўшкўпир ва Урганч туманларида жун ва пиллани қайта ишлаш салоҳияти катта, Ҳазорасп, Хива, Тупроққалъа ва Хонқада қўл меҳнати асосида гилам тўқиш оммалашган
Ушбу туманларда ипакчилик ва гиламчилик кооперациялари ташкил қилиниб, камида 10 мингта оила ўқитилади. Уларга 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади. Бу тармоққа вилоят бўйича жорий йилда қўшимча 100 миллиард сўм йўналтирилади.
Туризмни ривожлантириш
Туризмни ривожлантириш бўйича 3 йиллик дастур қабул қилинади. Дастур доирасида туризм жамғармасининг тушуми 3 йил давомида Хоразмни ўзида қолдирилади.Меҳмонхоналар қуриш учун 7 йилга 2 йил имтиёзли давр билан 18 фоиз ставкада кредитлар берилади.
Урганч шаҳрида “Лазги” ва “Авесто” музейларини ташкил қилиш таклиф қилинди.
Хива шаҳрида 24 соат ишлайдиган ресторан, кафе ва овқат расталарини ишга туширилади.
Урганчдан Термиз, водий вилоятлари, Самарқанд, Бухоро ҳамда Санкт-Петербург, Мадрид, Франкфурт, Пекин ва Урумчига авиақатновлар йўлга қўйилади.
“Урганч-Хива” троллейбус қатнови оралиқ вақти 2 карра қисқаради, Урганчдан Хива ва Хонқага электробус қатнови ташкил этилади.
Қишлоқ хўжалиги
Вилоятдаги фермер вакластерларга 1 мингта техникани лизинг асосида етказиб бериш вазифаси қўйилди.
Ҳар бир туманда 40 тадан кичик совутгичли омбор ташкил қилиш бошланади. 10 та кичик агрологистик маркази қурилиб, тадбиркорларга тайёр ҳолда таклиф қилинади. Бунга 100 миллиард сўм йўналтирилади.
Гўшт ишлаб чиқариш йўналишида ҳар бири 200 минг бош паррандага мўлжалланган 5 та саноатлашган йирик паррандачилик корхонаси Боғот, Гурлан, Ҳазорасп, Ҳонқа, Шовотда ишга туширилади.
Хоразмда йирик каналларни бетонлашга қўшимча 145 миллиард сўм ажратилган. Ички суғориш тармоқларини бетонлашни вегетация давригача якунлаш зарурлиги қайд этилди.
“Тошсоқа каналини тиклаш” лойиҳаси 2-босқичи доирасидаги ишларни жадаллаштиришга топшириқ берилди.
Ушбу лойиҳа натижасида 172 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади, йилига 500 миллион куб метр сув, 50 миллион киловатт электр, 30 миллиард сўм сақлаш харажатлари тежалади.
Тупроққалъа, Шовот ва Янгиариқда 1 минг гектарни ёпиқ суғориш тизимига ўтказиш бўйича пилот лойиҳа бошланади.
Шу муносабат билан Сув хўжалиги вазирлигига 50 та насос станцияни хусусий шерикликка бериш топширилди.
Аҳоли турмуш тарзини яхшилаш
Хоразмда жорий йилда 119 та кўп қаватли уй қуриб, 3,5 мингта оилани яшаш шароитини яхшилаш режалаштирилган. “Янги Ўзбекистон” массивлари ташкил этилиб, 100 та кўпқаватли уй қурилиши бошланади.
Мутасаддиларга Хива шаҳри, Шовот ва Ҳазораспни урбанизация бўйича намунали ҳудудга айлантириш чораларини кўриш топширилди.
Йил якунигача Урганч ва Хива шаҳарлари ҳамда Гурлан ваТупроққалъа туманларида оқова сув тармоғини қуриш лойиҳаси бошланади.
Инфратузилма лойиҳалари
Электр тармоқлари, подстанция ва трансформаторларни тўлиқ янгилаш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади.
Бунда, 2024 йилда 1 минг километр тармоқ, 10 та подстанция ва 500 та трансформаторни янгилаш кўзда тутилади.
Келгуси икки йилда вилоятда тупроқ йўллар умуман қолмаслиги кераклиги қайд этилди.
Яроқсиз йўлларнинг ярмини шу йилни ўзида таъмирдан чиқариш, “Урганч-Шовот” йўлининг 20 километрини сақлашга хусусий секторни жалб қилиш топширилди.
Вилоятдаги233 километр йўллар “ҳажм” усулида таъмирланиши, Тупроққалъа, Ҳазорасп, Хонқа ва Урганч туманидан ўтган “4Р-156” автомобиль йўлининг 84 километри цемент бетон қопламага ўтказилиши белгиланди.
Ижтимоий соҳа
Хоразмда автомобилсозлик, туризм, қишлоқ хўжалиги ва балиқчиликда малакали кадрларга талаб ўсиб бораяпти.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига Урганч шаҳар 2-сон касб-ҳунар мактабида “Пирсон” дастурини жорий қилиб, ўқувчиларга “меҳмонхона иши” ва “туризм” йўналишида халқаро малака беришни йўлга қўйиш топширилди.
Шунингдек, Урганч университетида таълим йўналишлари мақбуллаштирилиб, янги ўқув дастурлари жорий қилинади.
Вилоятдаги поликлиника ва шифохоналар фаолиятини такомиллаштирилади. Ҳудуддаги туғруқхоналарни қон тозалаш ускунаси билан тўлиқ таъминлаш, хорижий мутахассислар иштирокида акушер-гинеколог, неонатолог, реаниматолог ва дояларни ўқитиш топширилди.
Хонқадаги тиббиёт бирлашмасини комплекс қайта қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2025 йил давлат дастурига киритилади.