Ўзбекистонда “яшил энергия” улуши 15 фоизга етиши кутилмоқда
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергияси салоҳияти электрга бўлган ҳозирги эҳтиёжни 10-12 баробар ортиғи билан қоплашга етарли экани маълум қилинди.
ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Электр ишлаб чиқаришда “яшил энергия” улуши 2024 йилда 15 фоизга етиши кутилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтаётган қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.
Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергияси салоҳияти электрга бўлган ҳозирги эҳтиёжни 10-12 баробар ортиғи билан қоплашга етарли экани таъкидланди.
“Яшил энергия манбаларини барпо қилиш бўйича юртимизда катта дастурлар бошланди. Бугунги кунга қадар соҳага 2,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди, яна 13 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, республикада 5 миллиард киловатт-соат экологик тоза электр ишлаб чиқариш ва 1,5 миллиард куб метр газни тежаш имконияти яратилди.
"Бир сўз билан айтганда, “яшил” энергетика ҳам иқтисодиётимиз драйверларидан бирига, ҳам чинакам умуммиллий ҳаракатга айланди”, — деди давлат раҳбари.
Президент жорий йилдан бошлаб йирик “яшил энергия” қувватларини барпо этиш бўйича уч йиллик дастурни амалга оширишга ўтилишини таъкидлади.
“Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари талабидан келиб чиқиб, келгуси уч йилда 8 гигаваттли 28 та йирик қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, 944 километр юқори кучланишли электр тармоқлари ва 6 та йирик подстанцияни қуриш, жами 2,2 гигаватт бўлган 18 та электр сақлаш қувватларини ўрнатиш мўлжал қилиб олинди”, — дейилади хабарда.
Энергетика вазирлигига шу йилда ишга туширилиши режалаштирилган 14 та станция қурилишини жадаллаштириш топширилди. Булар - Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятларида 2 гигаваттли 11 та қуёш, Бухоро ва Навоий вилоятларида 600 мегаваттли 3 та шамол станцияси.
“Жойларда қуёш панелларини ўрнатиш бўйича ишларни янада кенгайтириш, аҳолининг “яшил” энергиядан фойдаланиш борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди. Бу мақсадларга қўшимча 50 миллион доллар ресурс ажратиш, хорижий инвесторлар билан музокаралар ўтказиб, яна 100 миллион доллар жалб қилишга кўрсатма берилди”, — деб ёзади Асадов.
Тадбиркорларга қуёш энергияси қувватларини жорий этишда манфаатдорлигини ошириш учун қўшимча енгилликлар яратилиши белгиланди.