Энди болаларга ҳам ҳимоя ордери берилиши мумкин

© Fotolia / SdecoretСцена домашнего насилия. Иллюстративное фото
Сцена домашнего насилия. Иллюстративное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.02.2024
Oбуна бўлиш
Болаларга нисбатан зўравонлик шакллари амалдаги учтадан олтитага оширилмоқда.
ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида болаларга ҳам ҳимоя ордери бериш таклиф этилди, деб ёзмоқда қуйи палата матбуот хизмати.
Қайд этилишича, депутатлар болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.
Қонун лойиҳаси юзасидан сўзга чиққан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёровнинг сўзларига кўра, ҳужжат билан болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда.

"Бола ёки унга зўравонлик бўлаётганини кўрган одам қаерга мурожаат этишни билмайди. Жуда кўп ташкилотлар бунга масъул, лекин бунинг ягона бирлаштириб турадиган алоқа каналини таъминлаб берадиган ягона тизим мавжуд эмас", —деди Оллоёров.

Бунда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар Болалар масалалари бўйича миллий комиссия томонидан мувофиқлаштирилиши, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги комиссиянинг ишчи органи, қолаверса, қонун ижросини таъминлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланиши таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасида болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига таъриф берилиб, уларни содир этишни тақиқлаш, қонунга биноан таъқиб қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.
“Болаларга нисбатан зўравонлик шакллари амалдаги учтадан (жисмоний, жинсий, руҳий) олтитага (ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг) оширилмоқда”, — дейилади хабарда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан илк бор янги институт жорий қилинмоқда. Яъни, эндиликда болаларга ҳам ҳимоя ордери бериш таклиф этилмоқда.
“Ордер ваколатли орган томонидан зўравонликдан жабрланувчининг қонуний вакилига ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахсга ҳамда зўравонликдан жабрланувчининг ўзига берилади”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Бундан ташқари, лойиҳада болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг иштироки ва уларнинг мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда. Жумладан, ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши шартлиги, болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмаслиги, таълим муассасаларида интизомий жазо чораси сифатида зўравонликнинг ҳар қандай шакли, шу жумладан, жисмоний жазо ва бошқа шафқатсиз хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ёки қадр-қимматни камситувчи муомалани қўллашга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланмоқда.
Зўравонлик хавфи остида бўлган болалар тоифаларининг (етим, назоратсиз, ақлий ривожланишда нуқсони бор, фоҳишалик, тиланчилик билан шуғулланаётган болалар) қонун лойиҳасида аниқ белгилаб берилган.
Бу эса соҳадаги ваколатли органларга зўравонликдан жабрланган, зўравонлик хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда зарур ҳолларда уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширишига ёрдам беради.
Лойиҳада шунингдек, зўравонликдан жабрланган болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда уларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг умумий ва якка тартибдаги чора-тадбирлари белгиланмоқда. Хусусан, зўравонлик қурбонининг мурожаати, жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, оммавий ахборот воситалари, интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан, ижтимоий тармоқлардаги хабарлар болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг якка тартибдаги чора-тадбирларини қўллаш учун асос бўлади.
Депутатларнинг таъкидлашича, лойиҳанинг қабул қилиниши қуйидагиларга хизмат қилади:
болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш;
болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш;
зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан бир овоздан қабул қилинди.
Янгиликлар лентаси
0