Дунё мамлакатларининг ярмидан кўпида қизамиқ эпидемияси кузатилиши мумкин — ЖССТ

© Sputnik / Кирилл Брага / Медиабанкка ўтишВакцинация от кори в Волгограде.
Вакцинация от кори в Волгограде. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.02.2024
Oбуна бўлиш
Мутахассислар хулосасига кўра, эпидемиологик вазият ёмонлашуви коронавирус пандемияси даврида қизамиққа қарши эмлаш тадбирлари етарли даражада ташкил этилмагани оқибатидир.
ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Агар шошилинч чоралар кўрилмаса, 2024 йил охирига келиб, дунё мамлакатларининг ярмидан кўпида қизамиқ эпидемияси тарқалиш хавфи жуда юқори. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бундан огоҳлантирди.
Таъкидланишича, ушбу касаллик ҳозиргача Шимолий ва Жанубий Америка қитъаларидан бошқа барча минтақаларда қайд этилди.
Мутахассислар хулосасига кўра, эпидемиологик вазият ёмонлашуви коронавирус пандемияси даврида қизамиққа қарши эмлаш тадбирлари етарли даражада ташкил этилмагани оқибатидир.
Хусусан, 2022 йили дунё бўйича эмлаш қамрови 2021 йилга нисбатан бироз ошган бўлса-да, аммо шунда ҳам 33 миллион бола мазкур хасталикка қарши вакциналар дозалари билан қамраб олинмади. 22 миллион нафарга яқин ўғил-қиз уларнинг биринчи дозасини, 11 миллион нафари иккинчи дозасини қабул қилишдан четда қолган.
“2024 йилги эмлаш дастурларида ҳам катта бўшлиқлар бор. Агар ҳолат шундай давом этса, миллионлаб болаларимиз бундан жабр кўриши мумкин. Бугун сайёрамиз бўйича қизамиқнинг ўсиш динамикаси кузатиляпти. Айниқса, ўрта даромадли мамлакатларда аҳвол қониқарли эмас. Биз 2019 йилги ҳолат такрорланишидан хавотирдамиз”, - дейди ЖССТ вакили Наташа Кроукрофт.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йили Ер юзида қизамиқ билан касалланиш даражаси кескин ошиб, сўнгги 23 йилдаги рекорд кўрсаткичга етганди (869 мингта ҳолат). Энг ёмони, ўша йили бу хасталикдан ўлим статистикаси ҳам 2016 йилга нисбатан деярли 50 фоизга кўпайган (207 минг ҳолат).
Янгиликлар лентаси
0