Ўзбекистонликлар Қирғизистонда ишлаш учун рухсатномани қандай олишлари мумкин — қўлланма
Oбуна бўлиш
Қирғизистонда ишлаш учун бир йил муддатга патент олиш мумкин. Рўйхатдан ўтиш 315 минг сўмдан 3,5 миллион сўмгача туради. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида ҳужжатлар ва ариза топшириш шартлари ҳақида Sputnik Ўзбекистон мухбирига батафсил маълумот берилди.
Умуман олганда, чет эл фуқаролари Қирғизистон ҳудудида икки турдаги рухсатномаларни олишлари мумкин: юридик ва жисмоний шахсларга чет эл ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи иш берувчи рухсатномаси, шунингдек, ишчи рухсатномаси.
Ҳужжат хорижий фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг меҳнат қилиш ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини тасдиқлайди. Рухсат олиш учун ариза Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлигига онлайн ва офлайн режимда топширилиши мумкин.
Керакли ҳужжатлар рўйхати:
Ариза;
Қирғизистон ҳудудида якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган аризачининг шахсий мурожаати;
амалдаги визаси (W1 тоифаси) ёки рўйхатдан ўтган чет эл фуқароси паспортининг нотариал тасдиқланган таржимаси;
Республика ОИТСга қарши кураш маркази томонидан берилган ОИВга текшириш тўғрисидаги тиббий хулоса;
Оқ фонда олинган 2 та рангли фотосурат. Ҳажми - 30х40 мм;
иш ҳақи миқдори кўрсатилган меҳнат шартномаси;
таълим, тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги хорижий ишчилар учун таълим дипломининг нотариал тасдиқланган таржимаси.
Ариза 14 календарь иш куни давомида кўриб чиқилади. Бироқ, ҳамма ҳам ишлаш учун рухсатнома ололмайди.
Республика томонидан ҳар йили ажратиладиган квоталар сони иқтисодиёт соҳасига боғлиқ бўлиб, мамлакат ҳудудлари, жумладан, Бишкек шаҳри ўртасида тақсимланади. Шу билан бирга, иш берувчига берилган индивидуал иш учун квота, агар у берилган кундан бошлаб уч ой ичида фойдаланилмаса, бекор қилиниши мумкин.
Рухсатоманинг амал қилиш муддати қанча?
Қирғизистон қонунчилигига кўра, чет эллик раҳбар ва мутахассисларга ишлаш учун рухсатнома ҳар йили узайтириш ҳуқуқи билан 1 йил муддатга берилади. Баъзи ҳолларда ҳужжатнинг амал қилиш муддати икки йилдан уч йилгача бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, иш берувчининг рухсатномасини бир иш берувчидан бошқасига ўтказиш мумкин эмас. Хорижликлар эса қўшимча рухсатномалари бўлсагина бир неча жойда ишлаши мумкин.
Рўйхатдан ўтиш неча пул туради?
Иш берувчига рухсатномани расмийлаштириш 715 минг сўмни ташкил қилади. Бир киши учун ишчи рухсатномасининг нархи эса 357 минг сўмга тенг. Шу билан бирга, чет эллик тадбиркор учун ишлаш учун рухсатнома нархи 3,5 миллион сўмдан ошади.
Кимларга рухсатнома керак эмас?
расман қочқин деб тан олинган ёки Қирғизистон ҳудудида сиёсий бошпана олган шахслар;
доимий яшаш учун рухсатномага эга бўлган шахслар;
хорижий юридик шахслар томонидан етказиб бериладиган технологик асбоб-ускуналарни ўрнатишни амалга ошириш учун юборилган шахслар;
Қирғизистон таълим муассасалари дастурлари доирасида амалий машғулотлардан ўтаётган, шунингдек, таътил вақтида ишлаётган талабалар;
дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларида, шунингдек, Қирғизистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотларда ишловчи шахслар;
Қирғизистон Республикасида аккредитациядан ўтган мухбирлар ва журналистлар;
халқаро шартномаларда ишга қабул қилишнинг бошқача тартиби белгиланган шахслар;
"қайрилман" мақомини олган этник қирғизлар.
Қандай ҳолларда рухсат бериш рад этилади?
Рад этиш учун асослар қуйидагича:
ички меҳнат бозорида Қирғизистон фуқаролари орасидан мутахассисларнинг мавжудлиги;
ариза берувчи томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ишончсизлиги;
Қирғизистон ҳудудида меҳнат ёки якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини тугатиш;
Қирғизистон Республикаси қонунчилигини бузиш.
Бироқ рад этиш тўғрисидаги қарорга рози бўлмаган тақдирда, аризачи ёзма равишда апелляция ёки шикоят бериши мумкин. Ариза топшириш муддати 30 кун. Шикоятни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш ҳам 30 кун давом этади.