Ғаллада имтиёзли кредитни тўғридан-тўғри фермерга бериш тизими жорий қилинади
12:16 12.02.2024 (янгиланди: 12:18 12.02.2024)
© Министерство сельского хозяйства республики УзбекистанВ фермерских хозяйствах и сельскохозяйственных предприятиях республики выращено более 8,1 миллиона тонн зерна
© Министерство сельского хозяйства республики Узбекистан
Oбуна бўлиш
Ўтган йил илк бор 3 миллион 700 минг тонна пахта, 8 миллион тонна ғалла ҳосили олинди.
ТОШКЕНТ, 12 фев — Sputnik. Ғаллада имтиёзли кредитни тўғридан-тўғри фермерга бериш тизими жорий қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган аграр соҳадаги устувор вазифалар ва режаларга бағишланган йиғилишда маълум қилинди, деб ёзади давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Қайд этилишича, 2023 йил илк бор 3 миллион 700 минг тонна пахта, 8 миллион тонна ғалла ҳосили олинди. Бундай рақамлар мамлакат яқин тарихида ҳеч қачон бўлмаган.
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Жорий йилда туманларга ҳосилдор уруғларни етказиб, деҳқонларни янги агротехнологияларга ўқитиб, пахта ва ғаллада ҳосилдорликни янада ошириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, ўғит таннархни 15 фоизга камайтириб, қишлоқ хўжалигини 900 минг тонна минерал ўғит билан таъминлаш вазифаси қўйилди”, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, бу йилдан илк бор четдан олиб келинган чигитни экишга рухсат берилди.
“Лекин, шу пайтгача Пахтачилик кенгаши, Карантин агентлиги, вилоят ҳокимлари бир тўхтамга келиб, қаердан, қандай навли уруғ олиб келиб, қаерга экишни ҳал қилмагани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан бир ой муддатда хориждан 3 минг тонна уруғлик чигитни олиб келиш топширилди. Умуман, жорий йилда 100 минг гектарда юқори ҳосилдор хорижий пахта навларини экиш муҳимлиги таъкидланди”, — дейилади хабарда.
Ўтган йили ғалла ҳосили илк бор 8 миллион тоннага етди. Фермерлар манфаатдорлигини янада ошириш учун бу йил ғаллачиликда ҳам янгиликлар қилиниши айтилди.
“Жорий йилда пахтадаги каби ғаллада ҳам имтиёзли кредитни тўғридан-тўғри фермерга бериш тизими жорий қилинади”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Бундан ташқари, давлат ресурси учун харид қилинган буғдойни даладан ташиб келиш ва сақлаш харажати 2024 йилда ҳам тўлиқ бюджетдан қопланади.
Президент яна 70 та туманда минерал ўғит сақлаш омборларини ташкил қилиш бўйича топшириқ берди. Омборлардаги ўғитлар қолдиғини кунлик мониторинг қилиб, етишмаган қисмини зудлик билан етказиш муҳимлиги қайд этилди.
Бунинг учун февраль-апрель ойларида биржага чиқадиган минерал ўғит кунлик ҳажмини 6 минг тоннадан 9 минг тоннага оширишга кўрсатма берилди.
Йиғилишда ўғит сифати ва устамаси бўйича айрим туманларда эътирозлар бўлаётганига тўхталиб ўтилди.
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Президент мутасаддиларга фермерларга ўз ҳисобидан ўғит сотиб олишда қулай молиявий механизмларни жорий қилиш бўйича таклиф киритишга топшириқ берди (масалан, банк ёки суғурта кафолати асосида бўлиб-бўлиб тўлаш, тижорат кредити фоизларини пасайтириш)”, — деб ёзади Шерзод Асадов.
Жойлардаги омборлардан кластер ва фермерларга минерал ўғитни ташишда транспортни логистика порталида мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади. Шунингдек, фермерларга ёқилғини ўз вақтида етказиб беришда назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилишича, 75 та йирик канални бетонлашга бюджетдан 680 миллиард сўм ажратилган. Асосий мақсад энг кўп сув йўқотиладиган каналларни суғориш даври бошланишигача бетонлашдан иборат.
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
© Пресс-служба президента Узбекистана
Лекин, Қашқадарёдаги лойиҳаси тайёр 9 та канални бетон қопламага ўтказиш ишлари бор-йўғи 34 фоизга бажарилган. Сирдарёдаги 3 та каналда бетонлаш бўйича бажарилган ишлар 10 фоизга ҳам етмайди.
“Президент ҳамма кучни тўлиқ сафарбар қилиб, вегетация даври бошлангунча бетонлаш ишларини якунлаш шартлигини таъкидлади. Сув йўқотишларини камайтириш ва сувни тежаб ишлатиш Сув хўжалиги вазирлигининг энг асосий вазифаси экани қайд этилди”, — дея қўшимча қилди президент матбуот котиби.
Бу йилги пахта ва ғалла ҳосили учун бюджетдан 10 триллион сўмдан зиёд имтиёзли ресурс ажратилди. Кластер, фермер ва деҳқонлар имтиёзли кредит олишини осонлаштириш мақсадида очиқ-ошкора платформа ишга тушди.
Лекин 2024 йил пахтасини сотиш бўйича фьючерс шартномаси тузган фермерларнинг маълум қисми кредитларни ҳалигача олмаган. Сабаби, айрим банклар “ресурс йўқ, гаров таъминоти керак”, деган баҳоналар билан тайёр маблағни бермаяпти.
"Кластерларнинг фермерлар олдидаги қарздорлиги ҳали тўлиқ тўланмаган. Янги тизимга кўра, олдинги қарзини 1 апрелгача ёпмаган кластер билан фьючерс шартномаси бекор қилинади ва фермерга пахтани биржада сотишга рухсат берилади. Маълумотни электрон платформага тўлиқ киритган ва фьючерс шартнома имзолаган фермерга кредит кўпи билан уч кун ичида ажратилиши шартлиги таъкидланди", — деб ёзади Асадов.