Энди мактаб ўқувчиларига бизнес ва иккинчи хорижий тил ўргатилади

© Sputnik/Abdubakir YunusovМактаб
Мактаб - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 05.02.2024
Oбуна бўлиш
Мактабларда “Фанларни чуқурлаштириб ўқитиш” ҳамда “Бизнес ва касб-ҳунарга ўқитиш” йўналишлари бўйича таълим дастурлари жорий этилади.
ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Энди мактабларда юқори синф ўқувчиларига иккинчи хорижий тил ўргатилади. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган тегишли қарорда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, 2024/2025 ўқув йилидан босқичма-босқич тажриба-синов тариқасида мактабларнинг 10–11-синфларида “Фанларни чуқурлаштириб ўқитиш” ҳамда “Бизнес ва касб-ҳунарга ўқитиш” йўналишлари бўйича ҳам таълим дастурлари жорий этилади.
“Фанларни чуқурлаштириб ўқитиш йўналиши доирасида ўқув жараёнини ташкил этишда асосий эътибор аниқ, табиий ёки хорижий тил фанларига қаратилилса, Бизнес ва касб-ҳунарга ўқитиш йўналиши доирасида эса ўқувчилар ишчи ёки рақамли технологияларга оид касбларга ўқитилади”, —дейилади ҳужжат матнида.
2024/2025 ўқув йилидан босқичма-босқич мактабларда хорижий тилларни ўқитишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
5–9-синфларда ўқувчиларда базавий билим ва нутқий кўникмалар шакллантирилади;
10–11-синфларда асосий эътибор ўқувчиларнинг академик ёзув ва сўзлашиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилади;
“Фанларни чуқурлаштириб ўқитиш” йўналиши доирасида хорижий тил фанини танлаган ўқувчилар 10–11-синфларда иккинчи хорижий тилга ўқитилади.
Шунингдек, 2024/2025 ўқув йилидан хорижий тиллар йўналишлари бўйича педагогларни тайёрлайдиган давлат ОТМ талабаларининг мактабларда педагогик амалиёти йўлга қўйилади.
“Бизнес ва касб-ҳунарга ўқитиш” йўналиши доирасида мактабларда устахоналар ташкил этилади. Ойлик иш ҳақи олий маълумотли умумтаълим мактаби ўқитувчисига тенглаштирилган “Касбий таълим устаси” лавозими жорий қилинади.
Қарорга кўра, мактабларнинг бўш биноларини “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури иштирокчиларига амалий мономарказни ташкил қилиш ва кейинчалик ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш учун тўғридан-тўғри шартнома асосида текин фойдаланишга беришга рухсат этилади.
Янгиликлар лентаси
0