Бу йил мактаб ва таълимга 46 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилади

Шавкат Мирзиёев.  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 05.02.2024
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев: мактаб битирувчиси ҳеч бўлмаганда битта касбни эгаллаб катта ҳаётга қадам қўйсин.
ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Бу йил мактаблар ва мактаб таълимига 46 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти раислигида ўтаётган ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда маълум қилинди, деб ёзмоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Қайд этилишича, математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича ўтказилган 2022 йилги PISA халқаро дастури натижалари соҳада қилинадиган ишлар ҳали кўплигини аниқ кўрсатди. Ёки, 500 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий қилиниб, ҳақиқий билим қай даражада экани аниқланди.
Ҳозирда 1-11-синфларда хорижий тилга ажратилган 984 соат доирасида ўқувчиларни ярми ҳам “B1” даражага эга бўла олмаяпти. Шунингдек, айрим ҳудудлардаги малака ошириш марказларининг фаолияти кўринмаяпти.
“Жорий йилда мактаблар ва мактаб таълимига 46 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш режалаштирилган”, — дейилади хабарда.
Бунда, тан олинган хорижий дастурлар (A-level, IB каби), ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолашда халқаро тажрибалар (PISA, TIMSS, PIRLS) босқичма-босқич жорий этилади.
Айтилишича, бу йилда президент мактаблари таълим дастури яна 1 мингта мактабда бошланади. Ҳокимлар уларни моддий-техник базасини яхшилашга масъул бўлади.
Йиғилишда ҳар йили боғча тарбиячиларининг ўртача бор-йўғи 9 фоизи малака ошираётганига эътироз билдирилди. Бундан ташқари, 12 мингта оилавий боғчада давлат таълим стандартидаги ўқув-методик материаллар етарли эмас.
“Мактабгача таълим агентлигига боғча мудиралигига номзодларни саралаш, уларни лавозимга тайинлаш тизимини ишлаб чиқиш, барча боғчаларда овқат, давомат, бадал пули каби барча жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш, 250 та давлат боғчасида таълим ва тарбия сифатини халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий қилиш топширилди”, — деб ёзмоқда Асадов.
Таъкидланишича, мактабгача таълимда қамров 74 фоизга етди. 2016 йилда бу кўрсаткич 27 фоиз бўлган. Бу йил давлат боғчалари қуввати яна 10 минг ўринга, хусусий боғчаларда 50 минг ўринга оширилади.
Лекин баъзи чекка қишлоқларда боғча ҳали йўқлиги сабабли ҳамма болалар ҳам мактабгача таълим билан қамраб олинмаган, айрим туманларда боғча етарли бўлишига қарамай, қамрови ўтган йилга нисбатан бироз камайган.
Хусусий боғчаларда болалар ҳисобини юритиш рақамлаштирилмоқда, лекин давлат боғчаларида бу жараён ҳали бошланмаган. Шу муносабат билан Мактабгача таълим агентлигига боғчаларда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича тизим яратиш топширилди.
"Мактабларда ўргатиш мумкин бўлган 50 та касб-ҳунар рўйхати тузилиб, ҳар бири бўйича ўқув ва амалиёт дастурлари ишлаб чиқилади. Бунинг учун мактабларда устахоналар ташкил этилади ва “Касбий таълим устаси” лавозими жорий этилади. Тадбиркорлар, уста ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқувчиларнинг қизиқишидан келиб чиқиб касбий таълимга йўналтирилган машғулотлар ўтказилади, касб тўгараклари ташкил этилади", — дейилади хабарда.
Мактабдаги бўш жойлар тадбиркорларга ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш учун текин фойдаланишга берилади. Уларга солиқ ва бошқа бир қатор имтиёзлар берилади. Ўқув курсини тамомлаб, имтиҳондан ўтган ўқувчиларга малака сертификати берилади.
“Мақсадимиз - мактаб битирувчиси ҳеч бўлмаганда битта касбни эгаллаб катта ҳаётга қадам қўйсин”, — деди президент.
Янгиликлар лентаси
0