Огоҳлантириш ва янги тайинлов: Мирзиёев айрим соҳаларни танқид қилди
11:39 29.01.2024 (янгиланди: 15:39 29.01.2024)
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар кўриб чиқилмоқда.
ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Адиз Бобоев Ҳисоб палатаси раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган йиғилишда маълум қилинди, деб ёзмоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Йиғилишда 2024 йилда уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар кўриб чиқилмоқда.
Қайд этилишича, ушбу тизимда 3 та вазирлик ва идора, 3 та инспекция, 5 та компания, ҳудудларда қурилиш, уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳаларига масъул ҳоким ўринбосарлари бор.
Пойтахт ва Тошкент вилояти ҳокимларига қурилиш ва коммунал соҳага алоҳида ўринбосар берилганига қарамай, бу комплекс халқ энг кўп норози бўлиб мурожаат қиладиган соҳалардан бири экани қайд этилди.
Давлат раҳбари қуйидагиларни қайд этди:
қурилиш соҳасига замонавий стандартларни жорий қилиб, қурилиш нормаларини янгилаш;
ичимлик суви таннархи ва тармоқдаги йўқотишларни камайтириш, маҳаллий авиарейсларни кўпайтириш.
Шунингдек, Тошкентда тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини яхшилашда мутасаддиларнинг ишлари қониқарсиз эканлиги айтилди. Шу муносабат билан транспорт вазири И.Маҳкамов, унинг биринчи ўринбосари М.Омаров, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи О.Саидов ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раиси А.Жўраевга ҳайфсан эълон қилинди ва охирги огоҳлантириш берилди.
"Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Адиз Музаффарович Бобоев Ҳисоб палатаси раиси лавозимига, палата раиси ўринбосари лавозимини эгаллаб келган Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев палата раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлангани эълон қилинди", — дейилган хабарда.
Йиғилишда транспорт тизимини рақамлаштириш, йўл қурилиши ва эксплуатациясига хусусий секторни жалб қилиш, темир йўлда юк ташиш автомобилга нисбатан 3 баробар кўп вақт талаб қилаётгани, ҳаво ифлосланишини олдини олиш бўйича илмий асосланган таклиф ва ҳисоб-китоблар қилинмаётгани бўйича тегишли вазирлик ва идоралар фаолиятидаги қолоқликлар кўрсатиб ўтилди.
Комплекс таркибига кирувчи вазир ва ҳокимларнинг режалари ва натижалари суст бўлган ўринбосарлари ишдан бўшатилиб, уларга аниқ KPI белгиланиши ва шундан кейин бир йил муддатга шартнома асосида ишга олиниши белгиланди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимларида қурилиш ва коммунал хўжалигига жавоб берадиган 1 нафар ўринбосар бўлиши қарор қилинди.
Президент комплексга кирувчи вазирлик ва идоралар олдида турган уй-жой ва қурилиш соҳасидаги энг долзарб вазифаларни белгилаб берди.
"Бу йил инвестиция дастури доирасида 1 минг 637 та инфратузилма объектини қуриш белгиланган. Лекин соҳа ёки ҳудуд раҳбарлари бюджет маблағларини самарали ишлатиш, қурилишлар сифатини таъминлаш бўйича намуна бўладиган тизим яратмагани қайд этилди", — дейилади хабарда.
Қурилишларга ажратилган бюджет маблағларини мақсадсиз ишлатиш, талон-тарож ва ўғрилик ҳолатлари кўрсатиб ўтилди. Айрим қурувчи тадбиркорларнинг яширин ишлашига ёки бундай ишлашга мажбур қиладиган шарт-шароитлар борлиги таъкидланди.
“Масалан, бугунги кунда лойиҳа ташкилотлари объект қийматини имкон қадар “шиширишга” ҳаракат қилаётгани қайд этилди. Сабаби, лойиҳа қанча қиммат бўлса, лойиҳачи шунча кўп пул олади. Шу боис, аксарият лойиҳаларда кераксиз хизматлар, ортиқча ҳашамат қўшиб киритилмоқда”, — дейилади хабарда.
Ўтган йилда лойиҳаларда 3 триллион сўмлик бундай кераксиз харажатлар олди олинди. Аксинча, иқтисод қилишга келганда, қурувчиларнинг иш ҳақи ва асосий қурилиш материаллари нархи бозордан паст нархларда ҳисобланмоқда.
Буларнинг ҳаммаси қурувчи-пудратчиларни “обнал” ва “ўғирлик” қилишига, сифатсиз қурилиш материалларини ишлатишига шароит яратаётгани, "яширин" қурилиш материаллари бозори вужудга келгани қайд этилди.
Ҳоким ва прокурорлар вазиятга эътиборсизлиги қаттиқ танқид қилиниб, уларнинг бу борадаги қатъий жавобгарлиги белгиланди.
Таъкидланишича, амалдаги лойиҳалаш жараёнлари ва қурилиш ишлари “ресурс усули”га асосланган. “Ресурс” усулида 1 та мактаб қуриш учун қанча ишчи керак, қанча ёқилғи ва нечта техника ишлатилади, техниканинг тури қанақа бўлиши керак, деган юзлаб шартлар киритилган.
“Ҳажм усули”да эса пудратчидан якуний натижа сўралади. Муҳими, қурувчи объектни ўз вақтида ва сифатли топширса бўлди. Бундан ташқари, лойиҳа, тендер, қурилиш ва объектни қабул қилиш билан боғлиқ барча жараёнларда коррупция ҳолатлари учраб турибди. Эндиликда лойиҳа қилишдан бошлаб, объектни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнлар ҳам, уларнинг назорати ҳам янгича ташкил этилади.
Энг аввало, келгуси йил 1 январдан барча лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, ишларни амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилишда “ресурс усули”дан воз кечилиб, “ҳажм усули”га ўтилади.
Бу тартиб 1 июлдан йўл, ичимлик суви ва кўприк қурилиши лойиҳаларида жорий қилиниши белгиланди.