Ўзбекистон фуқароларининг деярли 100 фоизи 200 минг сўмгача кешбэк олади
© Sputnik/Abdubakir YunusovФискальный чек, иллюстративное фото
© Sputnik/Abdubakir Yunusov
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Республика Солиқ қўмитаси Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда нега кешбэк олиш бўйича чеклов жорий этилгани, қайси чеклар учун у қайтарилмаётгани ва шубҳали харидорлар билан қандай чора кўрилаётгани ҳақида маълумот берди.
ТОШКEНТ, 15 январь – Sputnik. 2024 йил 1 январдан Ўзбекистонда ойлик кешбэк миқдори чекланди – энди базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баробаридан ошмайдиган харидлар суммасининг 1 фоизи қайтарилади. Бугунги кунда 340 минг сўмга тенг бўлган БҲМ ҳисобга олинса, бу фоиз 204 мингни ташкил этади.
“Биргина 2023 йил ноябрь ойида таҳлил қиладиган бўлсак, кешбэк тизимидан фойдаланувчи юртдошларимизнинг 98 фоизи максимал 200 минг сўм кешбэк тўплаган. 2% фойдаланувчилар, яъни, бошқа шахсга тегишли кешбэк суммаларини ўзлаштириш ёки тадбиркорлик субъектлари томонидан харид чекини харидорга бермасдан, ўзи томонидан ёки унинг яқин қариндошлари томонидан ўтказиш ҳолатлари устидан шикоятларни, мурожаатларни кўплиги сабабли мазкур тартиб жорий этилди”, — деди Солиқ қўмитаси катта инспектори Анвар Неъматов.
Қандай QR-кодли чеклар учун кшбэк қайтарилмайди? Чек 10 кундан кўпроқ вақт олдин берилган бўлса, агар чекда сотиб олинган товар (хизматлар) қийматининг 1 фоизи қайтарилган бўлса, автомашиналар, ҳаво ва темир йўл чипталарини сотиб олаётганда, коммунал ва алоқа хизматларини тўлашда, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари харидорга харид чекини бермай, ўзлари ёки яқин қариндошлари орқали расмийлаштирган бўлсалар.
Яна бир сабаб - чекда кўрсатилган нотўғри маҳсулот идентификация коди.
Шу билан бирга, қўмитанинг тушунтиришича, шубҳали харидорлар - бу кешбэк олиш учун бошқа шахсларнинг чекларини эгасининг рухсатисиз рўйхатдан ўтказадиган шахслар.
“Агар ҳақиқий эгаси ўз чеки Soliq мобил иловасида бошқа фойдаланувчи томонидан рўйхатдан ўтказилганлигини аниқласа, чекни сканердан ўтказган шахс фойдасига кешбэкдан воз кечиш ёки ушбу жисмоний шахс устидан шикоят қилиши мумкин”, — дея қўшимча қилди Солиқ қўмитаси.
Шунингдек, шубҳали харидорлар мобил иловада QR-код билан 15 та ва ундан ортиқ чекни сканерлагани ҳолати бўйича шикоят келиб тушган тақдирда тегишли реестрга киритилади, дея аниқлик кирди қўмита.
Бундан ташқари, чек бошқа шахс томонидан сканердан ўтказилган ҳақиқий харидни амалга оширган шахс ҳам белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, дейилади қўмита маълумотида.
"Агар шикоят бериш пайтида кешбэк ҳали тўланмаган бўлса, чекнинг ҳақиқий эгаси солиқ органларига харидни амалга оширганлигини ва бунинг учун QR-кодли чекни олганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади, шундан сўнг кешбэк тўлови унга қайтарилади. Агар бу фактлар тасдиқланмаса, кешбэк суд қарори асосида қайтарилади”, — дея аниқлик киритди Солиқ қўмитаси.
Шу билан бирга, шахс шубҳали харидорлар реестридан чиқарилиши ва унга кешбэк олиш ҳуқуқи қайтарилиши учун у тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга org@soliq.uz электрон почта манзилига мурожаат қилиши керак.
Сўнгги пайтларда истеъмолчилар кўпинча маълум чеклар учун кешбэк қайтариш тасдиқланмаган ёки тўланмаганлиги каби вазиятга дуч келишларини айтишмоқда.
"Буни амалга ошириш учун тўловни тасдиқланганлиги ҳақидаги бўлимга ўтиш ва керакли ойни танлаш керак – бу вақт ичида рўйхатдан ўтган барча чеклар рўйхати очилади. Қизил белгили квитанциялар кешбэкни қайтариш рад этилганлигини англатади, кўк - тасдиқлаш жараёнида, яшил ранг - тасдиқланган кешбэк эканлигини билдиради", – деб тушунтирди Солиқ қўмитаси.
"Батафсил"ни босиш орқали қизил белги кешбэк тўлови нега рад этилганлигини аниқ билиб олиш мумкин.
Қандай ҳолатларда кешбэк тасдиқланиш жараёнида бўлади? Қўмитанинг тушунтиришича, бу солиқ декларациясининг тақдим этилмагани ёки ундаги камчиликлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундан ташқари, тадбиркорнинг бир миллион сўмдан ортиқ солиқ қарзи бўлиши мумкин.
“Кешбэк нега тасдиқланмаётганлигини билиш учун кўк белгили чекни танлаб, “батафсил” тугмасини босиш ва “Қўшимча маълумотлар” тоифасига ўтиш керак. Тадбиркорлик субъекти ушбу камчиликларни бартараф этиши биланоқ, кешбэк автоматик тарзда тасдиқланади", - дея аниқлик киритди Солиқ қўмитаси.