Янгилаш ва ҳамкорлик: ҳарбий эксперт Ўзбекистон армияси ҳақида — видео

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
14 январь Ватан ҳимоячилари куни арафасида ҳарбий эксперт Александр Хроленко Sputnik мухбирига Ўзбекистон мудофаа доктринаси хусусиятлари, Қуролли кучларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида айтиб берди.
Ўзбекистон Қуролли Кучларини модернизация қилиш ва бошқа давлатлар билан ҳарбий-техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида фаол иш олиб бормоқда, — деди Александр Хроленко.
Ўзбекистон армияси ҳарбий куч бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи ўринлардан бирини сақлаб келмоқда. 2016 йилдан буён ҳокимият томонидан Қуролли Кучларни ривожлантириш ва модернизация қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
“Ўзбекистоннинг 2018 йилги мудофаа доктринаси мудофаа характерини, ташқи сиёсатнинг очиқлигини, қўшнилар билан конструктив, тинч муносабатлар устуворлигини эълон қилади. Шу билан бирга, 2018 йилдан буён Ўзбекистоннинг мудофаа харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 4 фоизини ташкил этди. Ўсиш, менимча, анча илдам бўлмоқда”, — дейди мутахассис.
Шавкат Мирзиёев 2023 йилда бўлиб ўтадиган Президент сайлови бўйича сайловолди дастурида 2030 йилгача республика армиясини замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш вазифасини қўйган эди.
Жорий йилнинг 3 январь куни эса президент иштирокидаги йиғилишда Мудофаа вазири айрим турдаги қурол-яроғ ва техникаларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва модернизация қилиш режалари ҳақида гапирди. Александр Хроленконинг сўзларига кўра, президентнинг мамлакатнинг ўз мудофаа-саноат мажмуасини яратиш ташаббуси ажойиб натижалар бермоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан миллий мудофаа саноатини яратиш ташаббусига келсак, бу ҳам жуда қизиқ ташаббус. Мудофаа саноати давлат қўмитаси ташкил этилганига бир неча йил бўлган бугунги кунда 200 га яқин корхона ва ташкилот унинг тасарруфида. Бу жуда ҳайратланарли натижа", - деди у.
Ҳарбий эксперт, шунингдек Ўзбекистон хорижий давлатлар билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратаётганини ҳам айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Тошкент дунёнинг турли давлатларидан янги технологиялар ва бошқа энг яхши тажрибаларни олишга ҳаракат қилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон 20дан ортқ давлатлар билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузган. Хусусан, Қозоғистон, Озарбайжон ва Беларус билан ҳам. Россия эса Ўзбекистоннинг асосий ҳарбий таъминотчисидир ва яна бир неча йиллар давомида шундай бўлиб қолади.

Тўлиқ интервью билан видеолавҳамизда танишинг.
Янгиликлар лентаси
0