Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари темир йўл идоралари кенгаши нима учун керак?
© Sputnik / Алексей Куденко
/ Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Ҳозирги кунда бутун дунёда рўй бераётган глобал ўзгаришлар Марказий Осиёнинг кўп векторли ривожланиши заруриятини белгилаб бермоқда.
ТОШКEНТ, 11 янв – Sputnik. Индира Ризаметова. Шиддат билан ўзгариб бораётган дунё ва мураккаб глобал геосиёсий ўзгаришлар шароитида халқаро савдо-иқтисодий муносабатлар янги ривожланиш даражасига кўтарилиб, ўзаро ҳамкорликнинг янги усулларини излашни тақозо этмоқда.
Мазкур масалалар ечимлариниг асосий жиҳатлари – мавжуд транзит транспорт йўналишларини ривожлантириш ва уларни диверсификация қилиш, логистика ечимларини жорий этиш, шу жумладан уларни глобал йўналиш тармоқларига интеграциялаш, шунингдек, транзит салоҳияти, хусусан, энг рентабел бўлган темир йўл самарадорлигини ошириш ҳисобланади.
Шулар ҳақида ва Марказий Осиё минтақаси темир йўл тизимларини интеграциялашнинг ўзига хос муаммолари, Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) мамлакатлари темир йўл идоралари кенгашини ташкил этишнинг аҳамияти ҳақида Sputnik темир йўл транспорти соҳаси бўйича эксперт, техника фанлари номзоди (PhD), катта илмий ходим Умидулла Ибрагимов билан суҳбатлашди.
“Халқаро транспорт ва транзит йўлакларини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича пухта тузилган стратегия Евроосиё транспорт тармоқларини бир-бири билан интеграциялаштирган ҳолда жаҳон савдосининг ривожланишини таъминлайди. Ҳозирда бу масалаларни ўрганиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлмоқда”, — деди эксперт.
Унинг фикрича, Марказий Осиё транспорт тизимларини Евроосиёнинг диаметрли транзит транспорт йўлакларига интеграциялашуви ҳамкор-давлатларга ўзаро савдо алоқаларини диверсификация қилиш билан бирга, бир бутун логистика таъминот занжирини қуриш имконини беради.
Ҳозирги босқичда жаҳон амалиётида муайян халқаро транспорт йўлаклари, йўналишлари ва лойиҳаларини шакллантириш бўйича турли тузилмалар мавжуд. Экспертлар ҳамжамияти уларнинг ҳар бирини таҳлил қилиб, мамлакатларнинг транспортни ривожлантиришдаги манфаатларини аниқлайди. Евроосиёда транспорт ва транзит йўлакларини шакллантиришнинг замонавий жараёни “Алвон океанлар” тушунчасига ўхшайди, бунда ҳамкор мамлакатлар манфаатлари чегаралари белгиланади ва келишилади, рақобат эса тегишли қоида ва тартиблар асосида бўлмайди.
“Бу ерда халқаро ташкилотлар ва халқаро молия институтларининг вазифаси (муайян давлатлар манфаатлари билан боғлиқ бўлган) транзит юклар оқимининг катта қисмини қўлга олиш учун ўз рақиблари устидан устунлик қилишдан иборат. Вақт ўтиши билан бозорда рақобатлар кўпаяди, ўсиш ва фойда олиш имкониятлари қисқаради, транспорт хизматлари (логистика маҳсулоти) экспорти эса қадрсизланади”, – деб тушунтирди Ибрагимов.
Эксперт фикрига кўра, вужудга келаётган халқаро транспорт йўлаклари ва йўналишларини мустақил лойиҳалар сифатида кўриб чиқсак, улар ўртасида муросасиз номувофиқлик бор, бироқ уларни бир бутун сифатида кўриб чиқсак, Евроосиёнинг ягона яхлит транспорт тизимини тасаввур қилиш мумкин.
Айни пайтда Халқаро темир йўллар иттифоқи, Халқаро темир йўл транспорти бўйича ҳукуматлараро ташкилот, Темир йўллар ҳамдўстлиги ташкилоти, Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг темир йўл транспорти бўйича кенгаши, Транс-Евроосиё транспорти бўйича кенгаш ва бошқалар асосан МДҲ давлатлари, Европа Иттифоқи, ЕОИИ ва бошқа минтақаларнинг келишувлари ва шартномалари бўйича иштирокчи давлатларнинг вазифалари ва муаммоларини тартибга солиш ва ҳал қилишга қаратилган халқаро мувофиқлаштириш Кенгаши каби халқаро темир йўл ташкилотлари муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.
Улар мобиль бирликлар стандартлари, юкларни етказиб бериш муддатлари, йўловчи ва юк ташиш ҳужжатларини расмийлаштириш, алоҳида ҳудудий йўналишларни ҳуқуқий тартибга солиш, шунингдек, темир йўл кенглиги билан боғлиқ.
Ўзбекистон ва бошқа Ўрта Осиё мамлакатлари темир йўл транспорти тармоғининг асосий қисми совет даврида яратилган, шу сабабли улар 1520 мм кенгликдаги темир йўл мавжуд шимолий йўналишга йўналтирилган.
“Покистон – Афғонистон – Ўзбекистон” ва “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл линияларини қуриш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилгандан кейин ҳам Марказий Осиё транспорт тизимининг глобал транспорт тармоғига интеграциялашувига тўсиқ бўлаётган нарса темир йўл кенглиги стандарларидаги фарқ ҳисобланади. Хитой, Эрон, Туркия ва Европа Иттифоқи мамлакатларида (Испаниядан ташқари) йўл кенглиги – 1435 мм, Покистон, Ҳиндистон ва Бангладешда – 1676 мм, Осиё-Тинч океани мамлакатларида эса ўлчов стандартлари ҳатто бир-биридан фарқ қилади”, – қўшимча қилди эксперт.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, айнан мана шу фарқ минтақавий интеграцияни тўхтатмоқда, чунки темир йўл кесишмалари муаммоси мавжуд – ҳар хил турдаги кўп тонналик юкларга эга бутун поездлар турли темир йўл ўлчовларига эга бўлган мамлакатлар ҳудуди орқали олиб ўтилиши керак.
Бундан ташқари, Евросиё маконида автомобиль транспортидан фарқли ўлароқ, давлатлараро транспорт учун транспорт ҳужжатларини қайта ишлашнинг турли стандартлари мавжуд.
Шу муносабат билан халқаро электрон ташиш ҳужжатининг ягона стандартини: ягона электрон юк ҳужжати – темир йўл-автомобиль-денгиз, шунингдек, божхона ва Жанубий Осиё давлатларининг бошқа чегара назорати органлари билан интеграциялашган темир йўл, автомобиль ва сув транспортида ташишнинг ягона қоидаларини ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлди.
Хитой, Осиё-Тинч океани мамлакатлари, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё темир йўлларини Марказий Осиё, Кавказ ва ЕИ давлатлари билан интеграция қилиш мақсадида Ўзбекистон президенти Остонада бўлиб ўтган ТДТ 10-саммитида халқаро темир йўл идоралари кенгашини ташкил этишни ва дирекциясини Тошкент шаҳрида жойлаштиришни таклиф қилди.
Кенгаш мустақил халқаро орган сифатида Евроосиё транспорт ҳамжамиятини бирлаштириб, кўплаб транспорт-логистика вазифаларини амалга ошириш имкониятини бериши мумкин.
Жумладан:
зарур ҳужжатлар расмийлаштиришни соддалаштириш;
рақамли транспорт ҳужжатлари учун ягона стандартларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
норматив ҳужжатларни ягона рақамли технологияларга интеграциялаш;
минтақавий транспорт тизимларини диверсификация қилиш ва коридорларни ривожлантириш учун мультипликатив эффект яратиш;
транзит йўлакларида жойлашган иштирокчи-мамлакатларнинг транспорт хизматлари экспортидан тушадиган даромадларни ошириш.
Эксперт, шунингдек, Кенгаш дирекцияси ҳузурида юк ташишни узлуксиз ташкил этиш учун доимий фаолият юритувчи ихтисослаштирилган комиссиялар ва таркибий бўлинмалар фаолият кўрсатиши кераклигини таъкидлади.
Кенгаш ҳузуридаги восита сифатида алоҳида маълумотлар марказига эга бўлган Халқаро рақамли транспорт хизматлари марказини (ХРТХМ) яратиш зарур.
“Шундай қилиб, бугун биз Евроосиё мамлакатлари ва минтақаларининг ўзаро зарур интеграциялашуви фактини таъкидламоқдамиз. Савдодаги глобал ўзгаришлар Марказий Осиёнинг кўп векторли ривожланишини ва қолверса, алоҳида минтақалар, ЕИ давлатлари, ЕОИИ, Кавказ, Яқин Шарқ ва бошқа давлатлардаги ҳамкорларимизникидан кўра универсалроқ ривожланиш зарурлигини тобора кўпроқ кўрсатмоқда”, — дея қўшимча қилди эксперт.
Иброҳимов, шунингдек, Буюк Ипак йўли мавжуд бўлган даврда Марказий Осиё минтақасида савдо-сотиқ ривожланганини эслади. Ривожланиш иқтисодий, сиёсий, технологик, илмий, маданий ҳамда маънавий йўналишларда кузатилди ва минтақанинг ўзи "ернинг юраги" (Heartland) тарихий мақомига эга эди.
Агар замонавий воқеликда Евроосиёда қуруқликдаги савдо рақобатбардош бўлмасада, аксинча, “Мовий океанлар стратегияси”га мувофиқ бозорнинг тегмаган жойлари билан минтақалар ўртасида тез ва қулай логистика билан такомиллаштирилган йўлга эга эканлигини ҳисобга олсак, Евроосиё минтақасига интеграциялашган ҳолда темир йўл ва мультимодал транзит салоҳиятини ривожлантириш ТДТ иштирокчи-давлатларининг ҳар бири учун ўсиш, ривожланиш ва фойда олиш учун қўшимча имкониятлар очади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, масала ечимига оз қолди – ТДТ мамлакатлари темир йўл идоралари кенгашини ташкил этиш ва узоқ муддатли фаолияти доирасида эксперт, илмий ва ижодий ёндашувларни ишлаб чиқиш керак.