Янги лойиҳалар, иш ўрни ва инвестиция — Қорақалпоғистонни қандай ўзгаришлар кутмоқда?
09:30 11.01.2024 (янгиланди: 09:34 11.01.2024)
© Пресс-служба президента УзбекистанаФлаги Узбекистана и Каракалпакстана
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
2024 йилда ҳудудга 2 миллиард 100 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилиши мўлжалланган.
ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Бу йил Қорақалпоғистонда саноат ҳажми 23 триллион сўмга етказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлили ва келгуси вазифалар муҳокамаси бўйича йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда 2023 йилда қилинган ишлар кўриб чиқилиб, 2024 йилга мўлжалланган вазифалар муҳокама қилинди.
© Пресс-служба президента УзбекистанаҚорақалпоғистон Республикасини иқтисодий ривожлантириш ва иш ўринларини кўпайтириш чоралари муҳокама қилинди
Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий ривожлантириш ва иш ўринларини кўпайтириш чоралари муҳокама қилинди
© Пресс-служба президента Узбекистана
Бугунги кунда Қорақалпоғистон аҳолиси 2 миллион нафардан ошди. Ҳар йили меҳнат бозорига 50 минг аҳоли кириб келади. Давлат раҳбари уларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиб, даромадли иш ва муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш кераклигига эътибор қаратди.
"Жорий йилда саноат ҳажми 23 триллион сўмга етказилиб, 2 триллион сўмлик янги қувватлар яратилади. Тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари тармоқларида 5 триллион сўмлик 24 та йирик лойиҳа ишга туширилади",— дейилади хабарда.
2024 йилда ҳудудга 2 миллиард 100 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилиши мўлжалланган. Бунинг эвазига саноатда 206 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 240 та, қишлоқ хўжалигида 34 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Уларда 13 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни очилади.
Қорақалпоғистонда ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа хизматлар изчил ривожланмоқда. Имкониятлардан самарали фойдаланиб, жорий йилда экспорт ҳажмини 160 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.
Қишлоқ хўжалигида ер унумдорлигини ошириш учун хорижий грант жалб қилинади. 6 минг гектар ерга сув тежовчи технология жорий қилиниб, 31 минг гектар лазерли текисланади.
© Пресс-служба президента УзбекистанаҚорақалпоғистон Республикасини иқтисодий ривожлантириш ва иш ўринларини кўпайтириш чоралари муҳокама қилинди
Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий ривожлантириш ва иш ўринларини кўпайтириш чоралари муҳокама қилинди
© Пресс-служба президента Узбекистана
Маҳаллалар инфратузилмаси ва хонадонлар таъмирланади. Юқори технологик тиббий хизматга муҳтож беморлар даволанишига 2,3 миллиард сўм йўналтирилади.
"Шу билан бирга, фуқаролар ташаббуси асосидаги лойиҳаларга 182 миллиард сўм, йил давомида маҳаллий бюджетдан яна 40 миллиард сўм ажратилади. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасидаги лойиҳаларга 10 триллион сўм берилади", — дейилади хабарда.
Айтилишича, 51 та саноат зонасида 775 миллиард сўмлик 71 та лойиҳани бошлаб, 1 мингта иш ўрни яратса бўлади. Ёки 10 минг гектар бўш ерни савдога чиқариб, 20 мингта тадбиркорни жалб қилиш мумкин. Бу 50 минг иш ўрни, дегани. Шунингдек, норуда конларга саноатни олиб кириб, 7,5 триллион сўмлик лойиҳалар ҳисобига 10 минг аҳолини банд қилиш мумкин.
Қорақалпоғистонда туризмни, айниқса, унинг эко, этно, зиёрат йўналишларини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш, туризм кластери ташкил этиш ва соҳага хорижий экспертларни жалб қилиш юзасидан топшириқ берилди. Нукус аэропортини ривожлантириш ва авиақатновларни кўпайтириш, янги меҳмонхоналар қуриш, музейларни модернизация қилиш, йўл бўйи хизматларини кенгайтириш вазифалари кўрсатиб ўтилди.
Германия, Жанубий Корея, Япония ва Туркиядан мутахассисларни таклиф этиб, ёшларни чет тили, ахборот технологиялари, дизайн, меҳмонхона хизмати каби 17 турдаги замонавий касбларга ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.
Маълумот учун, авваллари 15 та тумандан 12 таси дотацияда бўлган Қорақалпоғистон бугунги кунга келиб, ўз даромадига эга бўлган ҳудудга айланди. Хусусан, 15 триллион сўм инвестиция ҳисобига 5 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Орол денгизининг қуриган ҳудуди ўрнида 1 миллион 800 минг гектар яшил ўрмонзор барпо этилди. 51 минг оиланинг уй-жой шароити яхшиланди, 401 та маҳаллада қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Аҳолининг турмуш даражаси ошди.
Шунингдек, жозибадор бизнес муҳити ва ҳудуд аҳолисига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида фойда, айланмадан солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари 2 баравар пасайтирилган, ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланган. Натижада тадбиркорлар ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм қолмоқда.
Сўнгги икки йилда Қорақалпоғистонда саноат, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга доир 7 та фармон ва қарор қабул қилинди. Бу мақсадлар учун 400 миллион доллар ва 250 миллиард сўм ажратилди.