Онкология - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.01.2022
Бу қизиқ
Ушбу рукнимизда илм-фан, инсон соғлиги, фойдали ва зарарли озиқ-овқатлар, парҳез таомлар, шифокорлар маслаҳати ва бошқа барча учун қизиқарли маълумотлар бор.

XXI аср эпидемияси: телефонга қарамлик болалар саломатлигига қандай таъсир кўрсатади?

CC0 / Unsplash / ROBIN WORRALLМобильный телефон
Мобильный телефон  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.01.2024
Oбуна бўлиш
Қайд этилишича, телефон ёки планшет ишлатганда уни камида 40-50 см масофада ва кўз баландлигида ушлаш керак.
ТОШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда 5-16 ёшдаги болалар кунига 3 соатдан 8 соатгача вақтини телефон қаршисида ўтказади. Бунинг натижасида уларда телефонга қарамлик, ундан айрилиб қолишдан қўрқув ҳисси пайдо бўлади, дейди Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов.
Мутахассисга кўра, ХХI аср эпидемияси дея таърифланувчи бу касаллик “номофобия” дейилади.
Номофобия болалар орасида энг кўп тарқалган психологик касалликлардан бирига айланишга улгурди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, гаджетларга бўлган тобелик даражаси, айниқса, у кичик ёшдан шаклланиб келган бўлса, ҳатто, наркоқарамликдан ҳам кучлироқ бўлиши мумкин экан. Телефондан узоқ вақт давомида бетартиб фойдаланиш инсоннинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади.
Биринчидан, телефонлар инсон саломатлиги учун хавфли бўлган электромагнит тўлқинлар чиқаради. Тўлқинлардан нурланишнинг зарари кичик ёшдаги болалар учун янада кучлироқ бўлиб, бу уларда кейинчалик иммунитетнинг пасайиши, асаб тизимида муаммолар пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланишдан азият чекадиган асосий органлардан бири – бу кўзлар. Болалар бир дақиқада ўртача 18-20 марта мижжа қоқади. Бу кўзларни намлантириб, улар зўриқишининг олдини олади.
Аксарият ҳолларда болалар телефон экранига яқин масофадан тикилиб ўйин ўйнайди, видео кўради. Бунда улар мижжа қоқишни унутади ва натижада кўз зўриқишни бошлайди. Бу эса кўз олмасининг ўсиб кетиши, кўриш қобилиятининг пасайиши, узоқни яхши кўра олмаслик (миопия), ғилайлик, кўзнинг сурункали ёшланиши ёки қизариши, кўз қуриб қолиш синдроми каби муаммоларга олиб келиши мумкин.
Ота-оналар ва болалар буни дарров пайқашмайди. Кўпинча гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланиш оқибатида келиб чиққан кўз касалликлари болалар мактабга чиқиши, айрим ҳолларда эса ҳатто ўсмирлик даврида, масалан ҳарбий хизматга жўнашдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида аниқланади.
Айрим болалар ва ўсмирлар уйқудан олдин, баъзида эса ухламасдан қоронғи хонада телефонга термулиб чиқади. Бундай бедор тунлар сурункали тус олса, кейинчалик уйқусизлик, диққатни бир жойга жамлай олмаслик ва ҳатто кўрликка олиб келиши мумкин.
Гаджетлар қаршисида кўп вақт ўтказиш болада умуртқа поғонаси, бўйин билан боғлиқ турли хасталиклар ривожланиши хавфини ҳам туғдиради.
Қайд этилишича, телефон ёки планшет ишлатганда уни камида 40-50 см масофада ва кўз баландлигида ушлаш керак.
Телефондан узоқ вақт давомида фойдаланиш боланинг руҳий ҳолати ва ижтимоий мослашишида ҳам муаммоларга олиб келади. Гаджетлар атроф-муҳитни энди идрок этаётган боланинг тўлақонли ижтимоийлашувига тўсқинлик қилади. Телефон “ичига кириб кетиб”, ташқи дунёдан узилиб қолиш туфайли унда кейинчалик бошқалар билан коммуникация қилишда жиддий муаммолар юзага келиши мумкин.
Хулоса қилинишича, болаларнинг саломатлигига путур етиши ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш учун улар телефонлардан қанча вақт ва нима мақсадда фойдаланаётганини назорат қилиш зарур.
Янгиликлар лентаси
0